ФУТБОЛ АКАДЕМИЯСИ: КАТТА ФУТБОЛГА ЙЎЛ

1991 йилдан буён  Шофиркон туманида фаолият юритиб келаётган 18-болалар  футбол мактаб-интернети Бухоро вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясига айлантирилди.

Мазкур академия Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги “Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари асосида ташкил этилди. Ушбу маскан вилоятда катта футболга иқтидорли спортчиларни етказиб беришга йўналтирилган ягона академия ҳисобланади.

Бухоро вилоят болалар-ўсмирлар футбол академияси 24х12 ҳажмдаги спорт зал биноси,  100х75м ўлчамли расмий мусобақаларга ҳамда 60х40 ўлчамдаги машғулотларга мўлжалланган футбол майдонларига эга. 40х20 ҳажмдаги сунъий қопламали футбол майдонида эса қурилиш ишлари  олиб борилмоқда.  Ўқувчиларнинг ёзда дам олишлари учун 250 ўринли дам олиш майдончаси замонавий жиҳозланган. Бундан ташқари, 160 ўринли ошхона, 154 ўринга мўлжалланган замонавий икки қаватли ётоқхона биноси мавжуд. Назарий машғулотларни сифатли ташкил этиш учун академия етарлича техник  жиҳозлар билан таъминланган. Ўқувчиларга бир кунда тўрт маҳал иссиқ овқат берилади.

Вилоят миқёсидаги болалар ва ўсмирлар футбол академиясининг Шофирконда очилишининг ўзига хос сабаблари бор. Чунки жамоамиз 27 йиллик амалий тажрибага эга. Болалар, нафақат, республика, балки халқаро даражадаги нуфузли мусобақаларда ҳам кўп бор пешқадам бўлишган. Тажриба бор. Имконият етарли. 150 нафар ўқувчи таҳсил оладиган  Бухоро вилоят болалар-ўсмирлар футбол академияси малакали футболчиларни тарбиялаш учун жаҳон талабларига мослаштирилган шароит ҳамда имкониятларга эга,- дейди академия директори Барака Пўлатов,-Бу ерда вилоятнинг барча туманларидан келган 5-11-синф ўқувчилари саралаб олинади. Ўқув йилининг ҳар чораклик якунлари юзасидан умумтаълим фанлари ҳамда футболнинг назарий, амалий машғулотлари юзасидан имтиҳон ўтказилади. Рейтинг баллари таҳлилига кўра, ўзлаштириши паст ёки жисмоний талабларга жавоб бермайдиган ўқувчилар ўз мактабларига қайтарилади. Ўрнида талабгорлар ҳам имтиҳон асосида қабул қилинади. Саралаш-синов ишлари мунтазам равишда олиб борилади. Мазкур масканни ўтган йил битирганлар айни кунларда  “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Бухоро”, “Динамо” ва бошқа қатор футбол жамоаларида тўп суришмоқда.

Маълумот ўрнида: Бухоро вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясига ўқувчилар маҳоратини ошириш учун Осиё футбол конфедерацияси томонидан 12 нафар тажрибали мураббий жалб этилган.