Jonas Astrup: “ЎЗБЕКИСТОНДА АВВАЛГИЛАРДЕК МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТЛАР КЎП ЭМАС…”

Бухорода пахта йиғим-терими компанияси ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик чора-табирларига бағишланган матбуот ажумани бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлиги ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти “Учинчи мониторинг” лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бунда Халқаро меҳнат ташкилоти лойиҳа бош техник маслаҳатчиси Jonas Astrup  иштирок этди ва маъруза қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга қарши олиб бораётган сайъ-ҳаракатини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонда аввалгилардек мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар кўп эмас. Айниқса, талабалар, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилмаганини олқишлаш мумкин. Тўғри, бошқа категориядаги бюджет ташкилотлари вакиллари учун маълум даражада мажбурий меҳнат сақланиб қолаётгани ҳодисалари ҳам учрайди.  Бироқ, одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилган амалдорларга нисбатан ҳукумат даражасида чора кўрилмоқда. Биргина бош вазир Зоир Мирзоевнинг ишдан бўшатилгани Ўзбекистонда қонун ҳамма учун бир хил эканлигини исботлади,- деди Jonas Astrup,- Халқаро меҳнат ташкилоти мамлакатда кузатилган сўнгги ўзгаришлардан жуда ҳам мамнунмиз. Пахта терими компаниясида муносиб меҳнат шароитлари яратилаётгани кузатаяпмиз. Яна шуни мамнуният билан айта оламанки, бизнинг фаолиятимиз тўлиқ мустақил ҳолда олиб борилмоқда ва бизни далаларга ташрифимиз олдиндан огоҳлантиришсиз амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазири ўринбосари Нодир Якубов ўз сўзида Ўзбекистоннинг айрим туманларида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари содир этилганини билдирди. Таъкидланишича, пахта терими маблағларининг ўз вақтида тўланмагани, иш ва меҳнат шароити яратилмагани каби муаммолар жойида ҳал қилинган. Терим компанияси даврида 1600 та мурожаат тушган, шундан 1300 таси кўриб чиқилган. 128 та ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Иштирокчилар пахта ҳосилини қўл терими билан боғлиқ меҳнат масалаларини ҳал этиш кези келганини билдиришди.

Пахта териш тизими биргина Ўзбекистонга тегишли эмас. Пахта саноати билан шуғулланувчи давлатлар талай. Туркия, АҚШ, Греция каби қатор давлатларда пахта терими механизациялаштирилган. Ўзбекистонда эса бунинг учун вақт бор, чамамда. Механизациялаштириш учун пахта экиш усуллари ўзгариши лозим,-дея жавоб берди Jonas Astrup.

Тадбирда меҳнат муносабатларига доир Ўзбекистон қонунчилигидаги ҳуқуқий меъёрлар ва халқаро меҳнат стандартлари  тўғрисида ҳам фикрлашилди.