Бухоро шаҳридаги “Sultana” келин либослари салони раҳбари Қундуз Ҳошимова таҳририят мухбирига мурожаат қилди. Мурожаатга кўра, Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйи ёрдамчи-тарбиячиси Дилафрўз Тошева қинғир йўл билан манфаат топишни мақсад қилган.
Таҳририятмухбири мурожаат юзасидан Меҳрибонлик уйи директори номидан жорий йилнинг 31 август куни чиқарилган №143-сонли Хат бўйича суриштирув ўтказди. Суриштирувга Меҳрибонлик уйи, Бухоро шаҳар ИИБ, ЁИ вилоят Кенгаши вакиллари жалб этилди.
Жараёнда Дилафрўз Тошеванинг Меҳрибонлик уйи директори номидан сохта хат тайёрлагани аниқланди. Хатни тайёрлашда муассаса муҳри, фирма бланкасидан фойдаланилган. Директор имзоси сохталаштирилган. Хатда фуқаро Анвар Тошевнинг Меҳрибонлик уйида тарбиялангани, 27 октябрда бўлиб ўтадиган никоҳ тўйида уни қўллаб-қувватлаш учун келин кўйлагини ҳомийлик сифатида берилиши сўралган. Суриштирув давомида фуқаро Анвар Тошевнинг, аслида, Дилафрўз Тошеванинг туғишган укаси эканлиги маълум бўлди. У сохта хат орқали манфаат топишга уринган.
“Меҳрибонлик уйи обрўйига путур етказадиган бундай ҳолатлар бир неча марта содир этилган, яъни ўз манфаати учун турли муассаса, идораларга бориб, Меҳрибонлик уйида тарбияланганман, деб ёлғон кўрсатма бераётганлар ҳам учраган. Афсуски, қатор йиллардан буён биз билан бир сафда фаолият кўрсатиб келаётган ёрдамчи-тарбиячининг бу қилмишини оқламайман”, – дейди муассаса директори Саида Шарипова.
Айни пайтда Бухоро шаҳар ИИБ вакиллари томонидан ушбу сохта хат тайёрланиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда.