Бухоро боласини бериб қўймайди

Математика фани бўйича қоракўллик чемпион оиласига уй-жой қуриб бериш ишлари бошланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носиров маълум қилди.

Жорий йилда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Қоракўл туманидаги “Қораун” қишлоғида яшаб келаётган математика фани бўйича чемпион Дониёр Исмоилов ва унинг оиласи билан шахсан учрашиб, уй-жой қуриб бериш ваъдасини берган эди.

Айни пайтда қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Бухоро азалдан илм-маърифатга бешик юрт. Улуғ даҳолар комилу фузалолар етишиб чиққан. Бугунги кунда ҳам истеъдодли, билимли, иқтидорли болалари жуда кўп. Улар шу диёрнинг, шу ўлканинг келажаги, эртаси. Тўғри, чемпионнинг оилавий шароити йўқлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда бонг урилди. Ҳатто, унга турли хориж давлатлардан ҳомийлар топилиб, чемпионни олиб кетиши мумкинлиги борасида ҳам мушоҳадалар билдирилди. Йўқ, Бухоро боласини бериб қўймайди. Барча шарт-шароит, имконият шу ернинг ўзида яратилади!-деди ёшлар сиёсати ва ижтимоий масалалар бўйича Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носиров,- яна бир қувончли хабарлардан бири, бир неча кун олдин Дониёр ёз фаслида математика фани бўйича Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган Халқаро олимпиадада иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Чемпион махзкур олимпиадага, албатта, янги уй остонасидан чиқиб боради

Айни пайтда қурилиш ишлари бошланди. Уй-жой яқин кунларда қуриб, ўз эгасига фойдаланишга топширилади.

“Бугун тонг саҳардан янгидан уй-жой қуриш ишлари бошланди. Бундан ташқари, кечагина Бухоро вилояти ҳокими томонидан бир бош қорамол ва бузоғи, 50 та товуқ келтириб топширилди. Ҳовлимизга нур, турмушимизга барака тўлганидан, қувончли кунларимиз бошланганидан  ғоят хурсандмиз. Шундай тўкис шароитлар яратиб беришда меҳру саховатини аямаётган давлатимиздан миннатдорман”,-деди чемпион боланинг онаси Лобар Раҳимова.

 

Маълумот учун: Дониёр Исмоилов Ҳиндистон ҳамда Болгарияда ўтган математика бўйича халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб, чемпион бўлган. 2 карра олтин, бир карра кумуш медаль соҳиби.