Бухорода “Ҳамкорлик, ташаббус, инновация” дея номланган Ўзбекистон-Россия ёшлари фестивали бўлиб ўтди. Икки давлат ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ, 65 нафар иштирокчи Бухоро Ёшлар марказига тантанали кутиб олинди.
Фестиваль аввалида иштирокчилар ёшлар марказида ёшлар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишишди.
Шундан сўнг фестивалнинг асосий қисми – “Ёшлар медиа маконининг замонавий трендлари” мавзусидаги медиа форум ўз ишини бошлади. Медиа форум 100 нафардан ортиқ ёш журналистлар ва блоггерларни қамраб олди. Икки мамлакат делегация аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, ОАВ вакиллари ва ёш журналистлар иштирок этди.
Медиа-форумда Ўзбекистон-Россия ёш журналистлари ва блоггерлари ўртасида ахборот порталини яратиш борасида ўртоқлашилди. Бу орқали мамлакатлараро мулоқот ва ахборот алмашинув йўлга қўйилади.
– Икки давлат ўртасида ахборот порталини яратиш кутилган натижани беришига ишонч бор. Маълумки, Ўзбекистонда рус тилидаги босма нашрлар талай. Шу нуқтайи назардан, Россия Федерациясида ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳам ўқиш, иш ва меҳнат билан бандлигини инобатга олиб, мамлакатингизда ўзбек нашрини ташкил этиш таклифини билдирамиз. Бу, албатта, икки давлат ўртасида ахборот порталини яратишнинг шов-шувли тасдиғи бўла олади,-деди ёш репортёр Зулфизар Мавлонова.
Ёш репортёр таклифи россиялик делегатлар томонидан илиқ қаршиланди. Мутахассислар Россияда ўзбек нашрини яратиш борасида чора-тадбирлар белгиланишини билдиришди.
Форум давомида Ўзбекистон спикерлари ёшлар ҳаётини ёритиш ҳамда ёш журналист кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ чиқишлар қилди. Россиялик мутахассислар эса мамлакатлараро мулоқотни йўлга қўйишда интернетнинг ўрни ва роли, халқаро йирик тадбирларни ёритишда журналист иши каби мавзулар бўйича ўз фикрини билдирди.
- Ўзбекистон матбуоти кейинги икки йил ичида “миллий” мақомдан “халқаро” даражага кўтарилди. Журналист сўзининг кучига муносабат ўзгарди. Журналистлар ички цензурадан халос бўла олди. Буни ижтимоий тармоқларда ёритилаётган глобал чақириқлар туфайли муаллиф ёки таҳририятнинг тазйиқ ва таҳдидга олинмай, балки ўша муаммони ҳал этиш учун давлат даражасида иш олиб борилаётганида кузатиш мумкин. Журналистларингиз жамоат фикрини давлат органларига ҳам ҳеч қандай тўсиқсиз етказа олишаяпти. Айниқса, ёш журналист ва блоггерлар дунёқараши ва сўзи жамият ислоҳотларини тезлаштиришга хизмат қилмоқда. Бугун ўзбек журналистикаси медиа маконда замонавий трендлари билан ўрни ва салобатини кўрсата олди”,-деди Уфа шаҳридаги “Берлек-Единство” гоеполитик тадқиқотлар марказининг сиёсий жараёнлар ва замонавий таҳдидларни ўрганиш сектори раҳбари Булат Мурзагалеев.
МДҲ давлатларида ижтимоий-сиёсий жараёнларни ўрганиш бўйича ахборот-таҳлилий маркази бош директори, “ia-centr.ru” портали бош муҳаррири Дарья Чижова “Ахборотни аудиторияга тўғри етказиш усуллари” мавзусида маъруза қилди. Бунда у халқаро йирик тадбирларни ёритишда журналист иши мавзусида тўхталди.
– Ўзбекистонда ёш журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари юқори босқичга кўтарила олди, дейиш мумкин. Ваҳоланки, улар газета ёки сайт учун сифатли матн тузиб бериш қобилияти билан чекланишмаяпти. Балки улар ўзида кенг аудиторияни ортидан эргаштиришга, ҳар бир навбатдаги мақоласини кутишга мажбур қилишга қодир куч топа олаяпти. Энг қувонарлиси, улар журналистнинг “сунъий ақл”дан устунлигини исбот эта олишаяпти. Эксклюзив мақола ва репортажларини кузата туриб, шундай хулосага келиш мумкин,-деди Дарья Чижова ўз сўзида.