Бугун мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, жамиятдаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, миллий армиянинг жанговар қобилияти ва шайлигини ошириш, армия ва халқнинг якдиллигига эришишни таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Айниқса, ҳарбийларларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларнинг халқ билан ҳамнафас бўлиб, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдаги хизматини юксак даражада ўташлари учун барча шароит ва чоралар кўриляпти.
Бухорода Жанубий-Ғарбий махсус округ, Қуролли Кучлар Бош штаби Ҳарбий-стратегик тадқиқотлар ва илмий ишлар маркази ҳамкорлигида ўтказилган илмий-амалий Анжуманда шу хусусда сўз борди.
– Бухоро ҳарбий-маъмурий сектори фаолиятини ташкиллаштириш бўйича 2018-2021-йилларга мўлжалланган стратегик йўл харитаси тасдиқланиб, аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина Когон туманида жойлашган ҳарбий қисмларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳар бир ўқув хонаси замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Вилоят ҳарбий-маъмурий сектори томонидан Бухоро туманидаги “Зарманот” маҳалласида дастлабки лойиҳа қиймати 30 млрд.сўмдан ортиқ қийматга эга бўлган янги ҳарбий-спорт шаҳарчаси барпо этилмоқда. 1000 ўринли ошхона, қурол-аслаҳа омбори ва бошқа инфратузилма иншоотлари, 1000 ўринга мўлжалланган 2 та ётоқхона қурилиши тўлиқ якунига етказилмоқда. Ҳарбий шаҳарчани барпо этиш учун вилоят маҳаллий бюждетидан 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди. Бундан ташқари, миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисмда умумий лойиҳаси қиймати 12 млрд сўм бўлган 300 ўринли ётоқхона ҳамда ошхона, автотранспорт воситалари учун турар жой бинолари қурилиши бошлаб юборилди. Мазкур объектлар 2018-2019 йиллар давомида фойдаланишга топширилади. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида барча зарур амаллар кенг қамровда амалга оширилади, – деди вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев.
Бундан ташқари, миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисмга 340 миллион сўмга 20 дона қорабайир зотли отлар олиб берилгани билдирилди. Шунингдек, ҳарбий қисмлар хизматчилари учун 3 та, миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун 1 та, ДХХ ҳарбий хизматчилари учун 3 та кўп қаватли уй-жойлар қурилишлари олиб борилмоқда. Жорий йил якунида уйлар ўз эгаларига топширилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Ш. Мирзиёев жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятдаги ҳарбий қисмлар билан яқиндан танишган эди. Шу жараёнда мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад халқимизга яқинлаштиришдан иборат эканини алоҳида таъкидлаган эди. Юқоридаги амаллар эса ушбу ташрифнинг ижобий самараси бўлиб хизмат қилди. Зеро, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила-аъзоларига яратилаётган бундай шарт-шароит ва имкониятлар негизида, албатта, юрт тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлаш мақсади туради.
Анжуман давомида махсус ҳарбий округ қўшинлари ҳарбий хизматчиларнинг рационализаторлик ва ихтирочилик ишланмалари, янги турдаги ўқув-моддий жиҳозлар ҳамда яратилган инновацион лойиҳалар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Бунда ҳарбий хизматчиларнинг рационализаторлик, ихтирочилик ва инновацион фаолиятдаги тажрибаларини оммалаштиришга қаратилди.
Анжуман ҳарбий хизматчиларнинг назарий, тактик ва амалий билим ва кўникмаларини оширишга, иштирокчиларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишларига яна бир замин яратади.
Лайло Ҳайитова