“Бухоро вилояти Қоракўл туманидан ёзмоқдамиз. Пахта терими мавсуми бошидан бери эр-хотин пахта терамиз. Иккинчи терим учун пахтанинг килосига 1300 сўм ваъда қилишган эди. Лекин пастдагилар 750 сўмдан беришяпти…” дея исм-шарифсиз йўлланган мурожаат Таҳририят мухбири томонидан ўрганилди.
Маълум бўлишича, Қоракўл туманида 394 та фермер хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, шундан 288 таси пахтачиликка асосланган.
-Жорий йил 30 август куни Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 703-сонли қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар – 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача – 850 сўм, учинчи босқичда -80 фоиздан ортганда – 1000 сўм меҳнат ҳақи тўланади. Пахта микдоридан келиб чиққан ҳолда меҳнат ҳақини ошириб бориш асосида рағбатлантириш бўйича контрактация шартномаси 60 фоиздан 70 фоизгача кўтарилганда, қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 750 сўм тўланяпти. Мурожаат этувчи контрактация шартномаси 60 фоизгача бўлган фермер хўжалик ерларидан пахта терган бўлиши мумкин,-дейди Қоракўл туман фермер хўжаликлари ва томорка ерлари эгалари Кенгаши раиси Ёмғир Сафаров.
Қоракўл туманида маҳсулот ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш билан бир қаторда, рентабеллигини оширилишига эътибор қаратган фермер хўжаликлар кўп. “Ҳосилдор”, “Умар Хўжа”, “Ўткир Билол”, “Қурбонбой” каби фермер хўжаликлари ҳосилдорликни режадагидан ташқари, 150-170 центнергача оширган. Қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 1200-1300 сўмгача меҳнат ҳақи тўланади. “Ойдинобод”, “Умид Чўлобод”, “Абдумўмин” каби қатор фермер хўжаликларда сув таъминотида кўплаб муаммолар кузатилгани боис, ҳосилдорлик ҳажми паст. 1 килограмм пахта учун 750-850 сўмгача меҳнат ҳақи тўланади.