Кеча Бухорога “101” лойиҳаси тадқиқотчиси, журналист, “Шон-шараф майдони” жамғармаси директори Remko Reiding ҳамда мазкур жамғарма ходимлари Alex Engbers, Ruud van Heel, Caroline Schouwлар ташриф буюрди. Бу ҳақда Бухоро вилоят давлат Архиви маълум қилди.
Меҳмонлар Бухоро ёшлар марказида бўлиб, вилоят архив идоралари ходимлари, ФХДЁ бўлимлари ҳамда вилоят маҳаллалар кенгаши вакиллари билан учрашди. Бунда Голландиянинг Амерсфорт шаҳарчаси яқинидаги қабристонда Иккинчи жаҳон уруши йилларида асирга олиниб, ваҳшиёна қийноқларга солинган, қурбон бўлган ва дафн этилган 865 нафар собиқ Иттифоқ жангчилари орасида 101 нафар ўзбеклар ҳам борлиги хусусида сўз борди. 101 нафар ўзбекистонлик жангчи ҳақида маълумот тўплаш юзасидан амалий ишлар бажарилиши борасида фикрлашиб олинди.
“Аскарлар қатл этилган жойда “Monument Koedriest” номли махсус ёдгорлик ўрнатилган. Ҳар йили Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда жойлашган бу қабристонга голландлар тўпланишади, шамлар ёқишади. Улар қаҳрамонлар. Ўз жасорат ва матонати билан голландлар қалбидан жой олган собиқ жангчилар. Бу ҳақда ўз асаримда ҳам ёзганман. Бироқ, мақсад бошқа, мана шу 101 нафар ўзбек жангчиси ҳақида маълумотлар тўплаш, улар хотирасини янада абадийлаштириш учун саъй-ҳаракатдан тўхтамаслик”,-дейди Remko Reiding.
Ташриф давомида меҳмонлар Бухоронинг муқаддас қадамжоларини ҳам зиёрат қилишди.
Маълумот ўрнида: Голландиялик тадқиқотчи ва журналист Remko Reiding узоқ йиллик тадқиқоти давомида Иккинчи жаҳон урушида фашистлар томонидан ваҳшиёна қийноқлар билан қурбон этилган 101 нафар ўзбек жангчиси ҳақида “101” номли асар яратган.