Бухоролик Комил Ўринов ов қилиш қоидаларига амал қилмаганлиги туфайли қариндоши Комил Маттиевни отиб қўйиб, ўлимига сабабчи бўлди.
Олиб борилган тергов олди суриштирув ишлари давомида Комил Ўриновнинг жорий йилнинг 10 сентябрь куни тонгда ўз қариндоши Комил Маттиев ҳамда таниши Илёс Янгиев билан Қоракўл туманидаги “Абдувоҳид Жамол боғбон” фермер хўжалигига қарашли ер майдонларига ов қилиш мақсадида боргани аниқланди.
Чўл ҳудудида жойлашган саксовулзор ва қамиш-тиканзор бўлган бу кенг ҳудуд ёввойи қушларга конлиги билан кўпчиликка қизиқиш уйғотиб келади. Дўстлар ов чоғида ёввойи қуш – қирғовулни кўриб, уни овлаш пайига тушишади.
Комил Ўринов эҳтиёт чорасини кўрмасдан, ўзининг ов милтиғидан қирғовулга қарата ўқ узади. Бироқ, ўқ қирғовулнимас, ўзидан олдинда бўлган Комил Маттиевни жароҳатлайди. Сочма ўқдан қаттиқ жароҳатланган Комил Маттиев шифохонага олиб кетилаётган пайтда автомашина ичидаёқ вафот этади.
Мазкур ҳолат юзасидан Комил Ўриновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 102-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.