Бухорода ёшлар ҳафталиги

Бухорода ёшлар ҳафталиги бўлиб ўтди

Икки кун давомида вилоятнинг Бухоро, Қоровулбозор, Шофиркон, Ғиждувон туманларида ўтказилган бир қатор тадбирлар, очиқ мулоқотлар, семинарларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, “Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази”, “Ёшларга психологик хизмат кўрсатиш маркази”, Ёшлар муаммоларини ўрганиш институти,  Республика ёш ижодкорлар кенгаши вакиллар билан ёшлар  учрашувларни кузатиб, кўнгилдан шундай кечинмалар кечди: ёшлар муаммоларини ўрганиш, бу муаммоларни бартараф этиш билан чекланиб қолинмади, балки ёшларнинг дунёқараши, тафаккурини янада оширишга қаратилди, қизғин мунозараларга бой бўлди.

Тўғри йўлни танлаймиз!

Жиноят қилишга мойиллиги бор, руҳий тушкунликка тушган, носоғлом оилалар фарзандлари учун махсус амалий суҳбатларда малакали сиёсатшунос, тарихчи ва психологлар таклиф этилгани жараёнларнинг самарали кечишини таъминлади. Биргина Бухоро тумани мисолида олинадиган бўлса, 200 нафардан ортиқ болалар ва ёшлар ўз билим ва қарашларини мазкур мулоқотлар воситасида янада чархлади, мустаҳкамлади.

Бу, албатта, бизнинг кузатувимиз ва хулосамиз. Хўш, ўтказилган лойиҳалар хусусида ёшларнинг фикрига қулоқ тутайлик-чи.

            – Яратилган шунча имкониятларни енгил-елпи ҳавасларга, маънавий таназзулга етакловчи ўткинчи нарсаларга алмашаётган айрим тенгдошларимизнинг борлиги кишини ташвишга солмай қўймайди. Ушбу лойиҳалар доирасида олиб борилаётган тарғибот ишлари эса ана шундай тенгқурларимизнинг ўз нуқсонларини англаб, тўғри йўл тутиб кетишлари учун улкан маёқ бўла олади, деб ўйлайман,-дейди Зилола Пўлатова.

Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 500га яқин жиноят аниқланган бўлиб, улардан 32 таси вояга етмаган ёшлар иштирокида содир этилган. Бу жиноятларнинг аксарияти, асосан, ўғрилик билан боғлиқ экани ва ёшларнинг бўш вақтини самарали ишларга йўналтириш борасида эътиборнинг сустлиги натижасида келиб чиққани таъкидлаб ўтилди.

 

Ишсизликка барҳам берайлик. Қоровулбозорда ташкил этилган лойиҳалар давомида 9 нафар уюшмаган ёш ойлик маоши тўлови асосида жамоатчилик ишларига жалб қилинди. Энди улар ҳам оилавий бюджетга ҳисса қўшади.

       – Ишсизликдан ёмони бўлмаса керак. Коллежни тугатганимдан сўнг ишлаб чиқариш корхоналаридан бирига ишга кирган эдим. Бироқ кўп ўтмай бу ерда  иш ўринлари қисқартирилгач, бўшашга мажбур бўлдим. Қарийб бир ярим йилдан буён иш қидириб, оввора бўлдим. “Ёшлар ҳафталиги” доирасида ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси”да қатнашиб, ўз ишимга эга бўлдим. “Lochin” бренди билан юк мотоцикллари ишлаб чиқариш корхонасига техник созловчи бўлиб ишга қабул қилиндим,-дейди Айдамир Жақинбаев.

Қоровулбозорлик Соҳиб Қутлиев ёш спорт мураббийси. Туманнинг “Бўзачи” қишлоғида оғир атлетикага қизиқувчи 30 нафардан зиёд болалар учун тўгарак ташкил этди. Бироқ, тўгарак ташкил этилган бино мутлақо шароитлардан йироқ. Спорт анжомлари етарли эмас, атиги, бир дона штанга бор, холос. Болалар машғулот  пайтида узоқ вақт навбат кутишади. Тўғри, тумандаги БЎСМ директори Ойбек Камолов имконият даражасида ёрдам қўлини чўзиб турибди. Бироқ, бу борада туман мутасадди ходимлари шунчаки томошабин бўлиб турмасликлари лозим. Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшлар иттифоқи фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, тарғиботини кучайтириш, нафақат, ёшлар ташкилоти, балки жамият равнақи ва тараққиётида муҳим механизм саналган – ёшлар ташкилоти, ички ишлар бошқармаси, маҳалла фуқаролари йиғинларининг, балки, маҳаллий ҳокимликларнинг ҳам олдида турган долзарб масаладир. Ёшлар ўзларини қийнаётган саволларга қаердан жавоб топишади? Бу саволга вазиятдан келиб чиқиб, тегишли мутасаддилардан, деб жавоб беришингиз аниқ. Шу нуқтаи назардан, туман ҳокими ўринбосари Асқар Шукуров ушбу муаммони тез кун ичида бартараф этиб, “Бўзачилик” спортсеварларга шароит яратиб, ёш мураббийни қўллаб-қувватлаши ваъдасини берди.

Туман маданият уйида ўтказилган “Ёшлар меҳнат ярмаркаси” 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этган бўлса, тумандаги мавжуд 18 та ташкилот ўзларининг 210 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Шу куни 18 нафар ёш асосий иш ўрнига, 11 нафари эса жамоат ишларига жалб қилинди.

Кўҳна ва боқий Бухорода яна бир тонг отиши билан ҳафталикнинг навбатдаги иш куни бошланди. Бу сафарги манзил вилоятнинг Шофиркон тумани бўлди. Туман марказий стадионида ўтказилган эрталабки бадантарбия ҳамда марафон ҳафталикнинг шиддатини оширди. – Биласизми, ёшларни соғлом қилиб тарбиялашда эрталабки бадантарбиянинг жуда муҳим, дейди, – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи спорт – соғломлаштириш бўлими мудири Умед Ражабов.- Фақат бундай мусобақаларни шунчаки, номигагина эмас, мунтазам равишда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Аниқ мисоллар ва уларнинг ечими. Тумандаги 9-сон мусиқа ва санъат мактабида пойтахтдан келган ёшлар психологик маркази психологлари туман фаоллари иштирокида ўтказилган семинар тренингда ёшлар тарбиясида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимига оид мавзуларда фикр юритилди.

Навбатдаги шўъба йиғилиши Шофиркон маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўтказилди. Унда нотинч ҳамда жиноятчиликка мойиллиги бор ёшлар билан ишлаш юзасидан мутахассислар ўз маслаҳатларини тақдимотлар орқали тингловчиларга етказди. Шу ернинг ўзида ташкил этилган иккинчи шўъба йиғилишида модератор  Дилфуза Шодиева туман хотин-қизлар қўмитаси, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларига. эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида тайёрлаган тақдимоти орқали маълумот берди.

Халқ дарди билан яшаш, халққа хизмат қилиш – энг асосий вазифа. Шофиркон туманининг “Некиши” қишлоғидаги 24-мактабда имконияти чекланган болалар ва уларнинг муаммоларини ўрганишга бағишланган учрашув ташкил этилди. Учрашувга таклиф этилган Бекзод Неъматов, Мехриддин Шарипов, Машҳура Давронова, Ўғилой Мирзаева, Аслиддин Нуриллаев, Шоҳижаҳон Рўзимуродов каби ўқувчи-ёшлар ўз кўнгил кечинмалари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Шунингдек учрашувда одамлар ўзини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида мутассадиларга мурожаат қилди. Шундайлардан бири туманнинг “Маҳаллий боқи” қишлоғида истиқомат қилувчи Матлуба Толибова набираси 5-синф ўқувчиси Санжар Рауповнинг 3 йилдан бери юраолмаётгани, шифокорлар томонидан болага ҳеч қандай даволаш чора-тадбирлари кўрилмагани ҳақида, “Шихлар” қишлоғида истиқомат қилувчи Мажид Равшанов набираси 1-гуруҳ ногирони Бехруз Мажидовнинг туғма юрак хасталиги билан оғришини, унинг дориларига пул топишда қийинчиликка дуч келаётгани ҳақида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилоят кенгаши раисига мурожаат қилди. Вилоят ёшлари етакчиси бу борада амалий ёрдам кўрсатишга сўз берди.

Учрашув сўнггида Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Мирзо Азизов ҳамда имконияти чекланган болалар билан ишлаш кенгаши раиси, Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева томонидан болажонларга совға саломлар улашилди. Шундан сўнг иштирокчилар тумандаги “Патта” қишлоғида истиқомат қилувчи, Чарос Шарифжонова хонадонига ташриф буюрди. Қизалоқ  телевизорда кўрадиган севимли актёрларининг уйига келганини кўриб, қувончдан кўзлари порлади. Уларга ўз қизиқишлари ҳақида гапириб берди. Меҳрибон санъаткорлари қўлларидан китоблар жамланмасини ҳамда ”Камалак” болалар ташкилоти томонидан тақдим қилинган ўқув қуролларини қабул қилиб олар экан, унинг кўзларига ёш келди. Бу севинч ёшлари эди.

Юртимиз истеъдоларга бой. Бироқ бу истеъдодларни юзага чиқариш, уларга кўмак бериш орқалигина амалга ошади. Бугун Бухоро вилоятининг олис қишлоқларида қалам тебратиб, ижод намуналарини чоп этиш ва устиларида ишлаб, ижодкорлардан маслаҳат ва кўрсатма олиш илинжида юрган ёшларимиз кам эмас. Ҳафталик давомида ташкил этилган ижодий учрашувлар давомида ёш истеъдодли қаламкашларнинг дилбар сатрларига баҳо берилди, уларга йўл-йўриқ кўрсатилди. Турли таклиф ва талаблар ўртага ташланди. Ижодий учрашувнинг амалий ўқувларида фаол иштирок этган ёш ижодкорлар диплом ва китоблар билан тақдирланди.

Учрашувда ижодкор ёшлар клуби фаолиятини янада ривожлантириш, истеъдодлиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шофиркон тумани кенгаши томонидан туман Ижодкор ёшлар клуби ташкил этилди. Клубга ёш ижодкор Акобир Ҳамиджонов етакчилик қилиши белгилаб олинди.

Ғиждувон тумани. “Оқработ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Фаррух Ғайбуллаев бундан бир неча йиллар олдин ёшлиги ва соддалиги сабаб билиб-билмай, диний оқимга қўшилиб қолган эди. Фаррух суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Бироқ, ғамхўр давлатимиз эса фарзандини кечириб, уни яна оила аъзолари бағрига қайтарган эди. Бугун эса ёшлар ташкилотининг кўмаги билан ҳам ўз ташвишидан халос бўлди. Ўз ишига эга бўлди. Туманда ўтказилган “Меҳнат ярмаркаси”да 20 га яқин ёшлар бандлиги таъминланди. Бироқ, Бухоро ва Шофиркон туманларида ўтказилган ярамаркалар шунчаки номига ўтказилганини бир қарашда фаҳмлайсан киши.

“Нотинч ҳамда жиноятчиликка мойиллиги бор ёшлар билан ишлаш бўйича” ташкил этилган семинарларда элимиз ардоғидаги санъаткорлар ташриф буюрди. Хусусан, Ёшлар иттифоқи қошидаги Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази директори, актриса Раъно Шодиева, шоир Бобур Бобомурод, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Гавҳар Зокирова каби бир қатор санъат вакилларининг ташрифи ёшларга янада кўтаринкилик бағишлади.

– Ҳар бир инсон фарзандларига тарбия беришаётганида сен буни уддалайсан, бу иш, албатта, қўлингдан келади, дея уларни ишонтириш керак. Фаришта ҳам ниятингизга қараб бераркан. Мабодо, болаларимиз бирор хато қилишса, хатони ундан эмас, ўзимиздан қидиришимиз керак. Тарбиянинг энг каттаси оилага боғлиқ,-дейди Гавҳар Зокирова,-  Биз бу тадбирни шунчаки, тасвирга олиш ёки номига ўтказиб қолмасдан, балки, жамиятимизда улғайиб келаётган ёшларни тўғри йўлга солишда алоҳида эътибор берилиши кераклиги хусусида сўз юритдик.

Семинарда сўзга чиққан давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, малакали психологлар, таниқли санъаткорлар ёшлар билан ишлашда бутунлай янгича тизим яратилгани ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида вилоят ёшлар марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев вилоятдаги ҳарбий қисмларда ўз йигитлик бурчини адо этаётган ҳарбий хизматчилар билан очиқ мулоқот қилди.

Мулоқот давомида аскарлар муддатли ҳарбий хизматни адо этиб бўлгандан сўнг, ишга жойлашиш, ҳамда имтиёзли кредит асосида тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳақидаги ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Айтиш жоизки, икки кун давомида 100 га яқин лойиҳалар ташкил қилиниб, уларда 11 мингга яқин ёшлар иштироки қамраб олинди.

Хўш, Бухорода ўтказилган ёшлар ҳафталиги кутилган натижани берадими?

– Ана шундай ҳафталиклар ўтказишни бугун даврнинг ўзи тақазо этмоқда,-дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттаханова,-Сабаби, бугунгидек шиддатли даврда ёшларга елка тутмасак, уюшмаган қатламнинг бандлигини таъминламасак, бўш вақтини мазмунли ташкил этмасак, улар билан ўртамизда катта жарлик пайдо қилган бўламиз. Шунинг учун ҳам биз ҳафталик доирасида лойиҳаларни амалга оширишга эътиборни қаратдик. Албатта, икки кунлик натижа билан фахрланиб бўлмайди. Демакки, биз бу муаммога ечим топиш учун ҳар куни, ҳар дақиқа, ҳар сонияда ёшлар билан қадамба-қадам бирга бўлиш шартлигидир. Биз буни амалга оширамиз.

Лайло ҲАЙИТОВА

Акбаржон АБДУРАИМОВ