Мана, “Ёшлар ҳафталиги” ҳам бошланди. Ҳафталик доирасида турли йўналишда қатор лойиҳалар, тадбирлар, учрашувлар, спорт мусобақалари ўтказилади. Уюшмаган ёшлар, имконияти чекланган болалар, ижодкор ёшлар билан учрашувлар… орқали ҳамма бир мақсад атрофида бирлаштирилади.
Яна бир муҳим жиҳат! Лойиҳаларда фаол иштирок этганлар тақдирланади, лозим бўлса, тадбиркорлик бошида турган йигит-қизларга фаолиятини бошлаши учун йўлланмалар берилади. Имтиёзли кредитлар тақдим этиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилади. Ишсизлик балосидан қутиладиган ёшлар сони ортади. Ҳаёт ташвишлари, турмуш изтироблари билан ҳуқуқлари топталган ёшлар манфаатлари ҳимоя қилинади. Билиб-билмай, жиноят йўлига кирган ва ёшлар иттифоқи кафиллигида авф этилганлар ижтимоий ҳаётга, жамиятга дахлдорликларини ҳис этишади. Олис қишлоқларда қалам тебратиб, қаерга боришини билмай, шеърларини қўлтиқлабгина юрган умид ғунчалари палак ёзишади. Ёшларга мураббийлик қилишга ошиққану аммо шароит йўқлигидан ҳалак спортсеварлар кўксига шамол тегади. Хуллас, ёшларнинг ҳар бир қатлами орасига кириб борилади. Лекин икки кунлик қадам билан кўпмингсонли ёшларнинг барини тинглаш, уларга елкадош бўлиш, зиммасидаги залворли юкдан халос қилиш қийин. Шу жиҳатдан ҳам ёшлар ҳафталиги кутилган натижани берадими?-деган савол ўртага ташланади.
– Бу каби ҳафталиклар ўтказишни даврнинг ўзи талаб қилди, – дейди Ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши раиси Зариф Комилов. – Сабаби, бугунгидек шиддатли даврда ёшларга елка тутмасак, уюшмаган қатламнинг бандлигини таъминламасак, бўш вақтини мазмунли ташкил этмасак, улар билан ўртамизда катта жарлик пайдо қилган бўламиз. Шунинг учун ҳам биз ҳафталик доирасида лойиҳаларни амалга оширишга эътиборни қаратдик. Албатта, икки кунлик натижа билан фахрланиб бўлмайди. Демакки, биз бу муаммога ечим топиш учун ҳафталик эмас, ойлик, балки йилликлар ташкил этишимиз керак. Бу дегани ҳар куни, ҳар дақиқа, ҳар сонияда ёшлар билан қадамба-қадам бирга бўлиш шартлигидир. Биз буни амалга оширамиз.