Яқин танишларидан моддий манфаат учун фойдаланиш, ўз биродарларини жарга ғарқ этиш, дўсту дугоналарини қаллоблигу сохтакорлик каби манфур йўлларга бошлашни асли ҳаётининг мазмуни билган ғиждувонлик фуқаро Майсара Бозорова қилмишига яраша жазоланди.
Тумандаги “Памуза” маҳалласида яшовчи бу аёл ўзи яшаб келаётган ҳовли томорқасида таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ва таъқиқланган экин ҳисобланган “Каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб келган.
Аввалига М. Бозорова беобрўлик билан бундай ўсимликни биринчи марта кўраётгандек баҳонани ишлатиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари кўзига чап беришга уринади. Бироқ, туман ИИБ ЖҚБ вакилларининг тезкор ҳаракати туфайли М. Бозорованинг баландлиги 90 см.дан 120 см.гача бўлган “Каннабис”ни кўз қорачиғидек авайлаб ўстиргани ошкор бўлди. Товуқнинг учгани томгача, дейишганидек. “Каннабис”ни қандай қўллаш илминиям яхшигина ўзлаштирган аёлнинг боши қора курсида эгилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 270-м 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.