Мисрлик олимлар Бухорога ташриф буюрди

Маълумки, ўзбеклар Мисрнинг сиёсий-идоравий, ижтимоий-маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб келган. Мисрда 37 йил ҳукм сурган (868-905) Тулунийлар давлатига ҳам бухоролик Аҳмад ибн Тулуннинг асос солгани ҳақида кўп эшитганмиз.  Бу даврда Мисрда савдо-иқтисодий алоқалардан ташқари, илм-фан ва маданият ҳам юксак даражада ривож топган.

Бугун мисрлик таниқли олимлар Аҳмад Тарабик, Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ ва Магда Махлуфларнинг Бухоро вилоятига ташрифи бевосита икки мамлакат ўртасидаги узоқ асрлик маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда аҳамият касб этди.

Қоҳира университетининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича етакчи мутахассиси Аҳмад Тарабик Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардан яхши хабардор. У ўзининг “Ўзбекистон: ислом тамаддуни манбаи” китоби билан,   тарихчи, археолог олим Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ эса “Ёдгорликлар ва Бухоро ислом маданияти” номли икки жилдли китоблари, оммабоп мақола ва рисолалари билан Шарқ жамоатчилиги орасида кенг танилган. Худди шунингдек, мисрлик меҳмон Магда Махлуфнинг туркий тилдан араб тилига таржима қилган “Бобурнома”си олиманинг йигирма йиллик меҳнати самарасиз кетмаганини кўрсатади.

Бухоро маданий ёдгорликлари, тарихий-этнографик, адабий ҳаёти, шунингдек, воҳанинг бугунги маданияти, илм-фан ривожини ўрганиш бўйича илмий изланишларни мақсад қилиб келган олимлар Бухоронинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам яқиндан танишишди.

– Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, Абу Ҳафс Кабир зиёратгоҳи, Масжиди Калон жомеъ масжиди, Арк қўрғонидаги салоҳият ҳайратимизни оширганини яширмайман. Туризм, фан, таълим, соҳасидаги ўзгаришлар ҳам ниҳоятда бетакрор. Айниқса, Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятининг йўлга қўйилгани диққатга сазовор. “Ёдгорликлар ва Бухоро ислом маданияти” номли китобим ўн йиллик изланишларим маҳсули бўлган бўлса, мазкур икки билимгоҳ муқаддас Бухоро ҳақидаги кейинги китобимнинг тагзамини бўлади. Ушбу китобни яратишда эса шу лаҳзаларда юрагим қирраларида гўзал номаларни битиб қўйишга улгурдим,-дейди олим Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ.

Лайло Ҳайитова