ЎЙЛАМАЙ БОССАНГ ҚАДАМ…

Бугун барқарор турмуш тарзимизга раҳна солиш, тараққиёт томирларига болта уриш учун ёшлар ўртасида жиноятчиликни авж олдириш мақсадида турли хил йўллар билан улар ҳаётини бузишга ҳаракат қилаётганлар оз эмас. Тўғриси, шунча саъй-ҳаракат ва ёшларга имкониятлар эшигининг очиб қўйилишига қарамасдан, салбий таъсир ости онг кучайиб бормоқда. Худди ўрмонда бир заҳарли замбуруғни томири билан юлиб ташласангиз ҳам, ҳаял ўтмай, иккинчиси потирлаб чиқадигандек.

Совуқ қурол билан бири-бирини қўрқитиш, бири-бирини ўлдиришга уриниш, босқинчилик, тўдабозлик билан “Бир кишига ҳамма”лашиш, зўравонлик кўрсатиш… санасанг адоғи йўқ.

Кеча коллеж болалари жанжаллашди, пичоқ ишга тушди. Она енгил ҳаёт истади, ўз боласини бўғизлади. Ҳайдовчилар талашишди, пичоқ қиндан чиқди. Ҳатто, органда суяги қотган ходим раҳбарига пичоқ ниқаб, умрига зомин бўлди. Худди “ким биринчи пичоқ тиқиш” мусобақаси кечаётгандек.

Куни кеча эса тунги клублардаги назоратсизлик, ўйламай босилган қадам сабаб навқирон, ёш спортчимиз ҳам ҳаёт билан видолашди.

“Йиқилганни тепмайди, йиқилганни суяйди”-деган ўгитда ўсганимиз қаерда қолди?! Ижтимоий тармоқларда ёритилган жиноят жараёнларини кузатар эканмиз, тунги клублар аллақачон маънавиятсизлик, зўравонлик масканига айланиб улгурганига гувоҳ бўламиз. Шундай қонли вазият бўлаётган кезда дўстман, деб келганларнинг тум-тарақай қочишини-ку, майли, гапирмайлик, тунги клублар хавсизлигига бош-қош бўладиган навбатчи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қани?! Тонгга қадар айшу ишрат, ичкиликбозлик, беҳаё рақсу томошалар авж олсаю, маҳаллада уларнинг қулоғини  тортадиган на раис, на посбон бўлмаса! Ёшлар иттифоқи қошидаги “Жасоратчи”ларнинг тунги рейдлари қани?!

Ўз курашлари, тенгсиз чиқишлари билан мамлакатимиз шарафини ҳимоялаган тоғдек йигит қонга беланиб ётсаю, ўлганни устига тепгандек, жон талвасада қолган бола яна устига-устак калтакланса…

“Спортчининг ўзи аввалига пичоқ ўқталиб чиққан-ку”,-деманг. Спортчи нимани ўйлаган, қандай куч уни босим билан тунги клубга олиб келган?! Дўстлари ҳам шер бўлиб келишдию, нега чиябўридек ҳар ён қочишди, нега?! Балки марҳумни тунги клуб остонасига келтиргунча шу дўстман, деб ишонганларининг ҳам “ҳисса”си бордир… Буёғи ҳозирча бизга номаълум. Билганимиз шуки, жиноят ён-атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга кўз юмишимиз оқибатида келиб чиққан.

Одамларга, айниқса, ёшлар онгига кенг   истеъмолга айланган “Фаcебоок”, ,”Одноклассники”, “Мой мир” сайтлари мавжудки, унинг маънавий зарарини  ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Бироқ, зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизликни тарғиб қилишда – интернет эмас, тунги клублар ҳам катта “хизмат кўрсатаётгани” сир эмас. Тунги клубларни одобсиз гаплар, беҳаё қилиқлар билан  “безаб”, пулга қорни тўйган унинг қўриқчиларидан эртага нимани кутиш мумкин?! Йиқилган болага калтак билан зўравонлик кўрсатиш – шафқатсизлигу орияти йўқликдан бошқа нарсамас. Ҳайвон ҳам ерда ётган одамни тишламайди.  Девдай гавда бору, зирапчадек ақли йўқ бу “ўйинчоқ” нусхаларнинг, аслида, манфур кимсалардан асло фарқи йўқ.

Тунги клубу бошқа кўнгилочар масканлардаги “эркин ҳаёт”да  миллий қадриятларга ҳурматсизлик, ўзликни англамаслик, кўр-кўрона жиноятга эргашиш ва носоғлом  ҳаёт тарзига етакчилик   қилиниши – кечирилмас ҳол. Шу ҳолатларни кузатиб туриб, вақтида чора кўрмаслик, олдини олишга ҳаракат қилмаслик эса – жиноят! Ҳам маҳалла-кўй, ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳам ота-оналарнинг чап кўзига айланиб қолган маънавиятсизлик, фаҳшу беҳаёлик, қотиллик масканига айланган бундай тунги клублар – миллий қарашларимизга, келажак илдизига болта уришгагина хизмат қилади, холос. Албатта, бу тунги клублар фаолияти тугатилади, деган гап эмас. Шундай амаллар бажарилиши лозимки, ёшлар ҳаётнинг завқ-шавқини кўнгилочар тунги клублардан излашмасин. Маданий онг, миллий шуур, теран тафаккурлари билан жамиятнинг бошқа маънавий-маданий ҳаёти сари ошиқишсин. Бизда эса ёшларни шунга етакловчи мезонлар бино бўлиши лозим.

Ён-атрофимизга сергак бўлайлик! Уюшган гуруҳларнинг борлигини кўриб-туриб, кўз юммайлик! Ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, жиноятга қарши курашайлик.

Жамол Носиров,

Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ишлар бўйича вилоят ҳокими ўринбосари.