ҲЕЧ КИМ ЖИНОЯТЧИ БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИ

Ёшлар ахлоқи, дунёқараши  ва салоҳияти кўп жиҳатдан оиладаги тарбияга боғлиқ эканлиги сир эмас. Шу билан бирга, бу тарбияни шакллантириш ва доимий равишда назоратда тутиш жамият олдидаги асосий масъулиятли вазифадир.  Айнан шунинг учун ҳам ёшлар орасида жиноятчиликни камайтириш, турли ҳуқуқбузарлик ҳолатларини  бартараф этиш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда вилоят  Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши самарали иш бўлди.  Буни биргина ўтган  2017   ва жорий йилги жиноятлар сонининг қисқаргани  мисолида ҳам кўриш  мумкин. Маълумотлар бўйича, ўтган йилнинг шу даврига қадар ёшлар орасидаги   жиноятлар сони вилоятда 2160 тани ташкил этган бўлса, ушбу ҳолат жорий йилда 1578 тани кўрсатмоқда.  Демак, жиноятлар 3,4 фоизга камайган. Шундай бўлишига қарамасдан,  вилоят туман ва шаҳарларида қасддан баданга шикаст етказиш, безорилик, фирибгарлик, ўлим билан боғлиқ йўл ҳодисалари, таъқиқланган  экинларни экиш каби жиноят турлари содир бўлиб турмоқда.

Жумладан, Ғиждувон тумани “Пахтаобод”  МФЙда истиқомат қилувчи  Суннат Бафоев қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш жиноятини содир этган. Бундан ташқари, турли ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг аксарияти  Шофиркон, Олот, Жондор, Когон туманлари ва Бухоро шаҳрида қайд этилган. Жиноят содир бўлиши қувонарли ҳолат эмас, албатта,  аммо содир бўлган жиноятни  бошқаларга тушунтириш, ибрат қилиб кўрсатиш ва асоратларини тўғри тушунтириш орқали уларнинг олдини олишга эришиш мумкин.  Айниқса, мазкур ҳолатларнинг ўз жойида бориб ўрганилгани, муҳокама қилингани ёшлар ўртасидаги жиноятларнинг камайишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди ёки жиноят қилиши мумкин бўлган одам уни содир этмаслиги мумкин. Жиноятчини ҳам, аслида, жамият тайёрлаб беради, улғайтиради. Бунга замин яратиб бермаслик ҳам жамиятнинг қўлида. Унга қарши ҳар биримиз курашишимиз ҳамда бугунгидек жамиятни жиноятчиликдан тозалашда ёшлар ташкилоти ва ички ишлар ходимларининг ҳамкорлик ва биргаликдаги фаолияти мақсадга мувофиқ  бўлади.