Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ҳуқуқбузарлик, жиноятга қўл ураётган болалар, асосан, нотинч ва носоғлом оилаларда вояга етмоқда: улар ўғрилик, безорилик каби жиноятларга қўл уради. Арзимаган ҳолатларда ҳам жанжал, тўполон бошида туради. Муштумзўрлик, билаги кучини кўрсатиб қўйишга ошиқади.
Бухоро шаҳрида туғилган Аслон Ҳакимов, Шерали Маликжонов, Жамшид Қобилов, Аҳад Акрамов каби вояга етмаган ёшлар ҳамда фуқаро Мубин Қурбоновлар ўз бевошлиги балосига қолди: айни тетапоя ёшида суд залидаги жиноятчилар ўриндиғини тўлдиришди.
Вояга етмаган тўртовлон ўзаро келишмовчилик натижасида ўз фуқаро Толибжон Болтаев ҳамда вояга етмаган Қодир Жўраевларнинг баданининг турли жойларига қасддан уриб, ўртача оғир шикаст етказишади. Муштумзўрлик оқибати жабрланувчилар соғлиги ёмонлашувига сабаб бўлади.
Жанжал чоғида бир-икки мушт еган Жамшид қочишга улгуради. Орадан бироз вақт ўтмай, ҳали муштумзўрлар тарқалмай туриб, тўполон жойида Жавоҳир “Мени Қодир урди”, -деб, отасини етаклаб келади. Ота шундай-да ҳам муштумзўрлар калтагидан қутилолмай турган ўғли тенги Қодирнинг қўлларидан ушлаб, болаларни уни уришга даъват этади. Отаси таъсирида “кучайган” Жамшид яна Қодирга ташланади. Темир панжара орасида қолган Қодир оғир жароҳат олиб, ҳушини йўқотади. Бундай вазиятда фуқаро Мубин Қурбоновнинг ҳам муштлашув олдини олиш ўрнида унга хайрихоҳлик қилгани афсусланарли.
Муштумзўрлик оқибатининг келиб чиқиши оддий бир телефонга заряд бериш мосламасининг эгасидан эмас, балки унинг хонадошидан сўраб олиб кетилгани сабаб эканлиги ғоятда ачинарли. Тўғри, улар ўз қилмишларига яраша жазоланишди. Адолатли суд олдида жавоб беришди.
Аммо, Бухоро автомобиль ва йўллар коллежи ўқувчилари томонидан шу оддий сабаб туфайли жиноят содир этилгани бу болалар тарбия олаётган оилаларда маънавий-соғлом муҳитнинг тақчиллигини кўрсатади. Албатта, биз бир нечта жиноят кўчасига кирган вояга етмаган ёшлар ҳақида сўз очдик. Улар бирмас, ўн, ўнмас, саноқсиз. Бизни эса носоғлом муҳитда ўсган бола ҳаётда ўз ўрнини топа оладими?-деган савол қийнайди. Кичкина эътиборсизлик, бемеҳрлик оқибатида бола қалбида пайдо бўлган яралар оғриғи бир куни заҳарга айланиб, отилиб чиқмаслигига ишониш мумкинми? Бундай бўлмаслиги учун ота-она бир дақиқа бўлса-да, фарзанди тарбиясига эътиборсиз бўлмаслиги керак, бунда сусткашликка олиб келувчи омилларни ўз вақтида англаб, бартараф этиши зарур. Бу ҳар бир оиланинг, давлат ва жамиятнинг асосий ҳамда доимий вазифаси. Вояга етмаган болаларимизни жиноят гирдобига тушиб, жиноятчи бўлиб қолишидан асраб қолайлик.
Беҳзод Тошев,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси.