ЁШЛАРГА ИШОНАМИЗ!

Дунёнинг камдан-кам мамлакатида ёшларга бағишланган байрамлар нишонланади. Истиқболи порлоқ бўлишини астойдил хоҳлаган давлатгина эртасининг эгалари — ёшларга юксак ишонч билдириб, эътиборини дариғ тутмайди, асраб-авайлайди. Ўзбекистонимиз, шаксиз, ана шундай давлатлар сафидан жой олган.

30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз йўллаган байрам табригини мамлакатимиз ёшлари катта ҳаяжон билан тинглашди. Унда айтилган оташин гаплар миллионлаб йигит-қизларни тўлқинлантириб, кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшган бўлса, ажаб эмас.

Бундан ташқари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармоннинг эълон қилингани ёшлар келажагини янада мустаҳкамловчи кучли механизм, бебаҳо мезон бўлди.

Мамлакатимиз келажаги ўсиб келаётган ёш авлодга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак ишонч эртамиз эгаларининг келажак пойдеворини мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатлар ифодасидир. Давлат сиёсатининг олий мақсади ҳам ёшларимизнинг фаровон ҳаёти, порлоқ келажаги ва бахтли турмушини таъминлашдан иборат.

Шуни унутмаслигимиз лозимки, ёшлар давлатнинг ҳаракатга келтирувчи кучи, таянчи, янги авлод шаклланишининг асосчиларидир. Ушбу таянч қанчалик мустаҳкам ва бақувват бўлса, давлатимиз барқарор ривожланаверади.

Мустақил ёшларимизга, улар учун яратилаётган кенг имкониятларга ҳавасимиз келади. Ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришда ҳар хил тадбирларнинг ўтказилиши, юртимизда қобилиятли ёшларнинг ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватлашга лойиқ бўлаётганлиги ҳам ёшларга бўлган ишончимизни янада орттиради.

Бугунги кунда ёшларимизга қаратилган улкан эътибор ва яратилаётган имкониятлар эртага давлатимиз келажаги қандай бўлишини белгилаб берувчи омил эканлиги Президентимиз томонидан доим эътироф этилаётганига гувоҳмиз.

Жорий йилнинг 27 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борада олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳот ва ташаббусларининг мантиқий давоми бўлди, десак адашмаган бўламиз. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб, республикамизнинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилиши ҳамда дастурдаги тадбирларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилиши белгилаб қўйилгани, ушбу жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш, ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш каби муҳим вазифаларнинг дастурда белгилангани диққатга молик. Бундан ташқари, Давлат дастурида масъул раҳбарлар ва мутахассислардан иборат республика ва ҳудудий Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари ташкил этилиши ҳам белгиланган. Мазкур комиссияларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни хоҳлайдиган ёшларни аниқлаш мақсадида уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар ташкил этиш, уларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда, зарур ҳужжатлар ва материалларни тайёрлашда ҳамда расмийлаштиришда кўмаклашиш каби вазифалар топширилмоқда. Бу каби омиллар ёшларнинг банд­лигини таъминлаш билан бирга соҳанинг янада тараққий этишида муҳимдир.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур фармони замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ёшлар ҳаёти ва улар қалбига кириб бориш, уларни келажагимизнинг чинакам пойдевори бўлиши учун биз, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак. Айни пайтда маҳалладан тортиб, ёшлар билан шуғулланувчи маҳалла, ҳоким, прокуратура, ички ишлар тизими, ёшлар иттифоқи ҳамжиҳатлиги асносида залворли ишларни адо этиш масъулияти ишониб топширилгани муҳтарам Президентимизнинг фарзандларимизга бўлган алоҳида эътиборидан далолатдир.

Юртбошимиз раҳнамолигида келажак авлодларга яратилаётган шарт-шароитлардан ёшларимиз оқилона фойдаланиб, юртимиз келажаги учун муносиб хизмат қилади, деб ишонамиз.