Миллий қадриятини, аждодлари касбини улуғлаган кишини ўз замонаси ҳам эъзоз қилишини “Мард ўғлон” мукофоти яна бир бор исботлаб берди. Болаликдан ҳунармандчиликнинг ёғоч ўймакорлиги турига меҳрим баланд эди. Шу муҳаббат мувоффақиятларим сабабчисидир. Ўн икки ёшимда Шофиркон туманидаги уста Қаюм Бўроновга шогирд тушганим менинг биринчи ютуғим бўлса керак.
Ҳеч қанча фурсат ўтмай, ўзим ҳам юздан зиёд болаларга устозлик қиляпман. Шогирдларим орасида ҳам ўз ишига меҳр қўйганлари кўп. Ўн тўрт ёшли Шарин Ражаббоев “Ватан тараққиётида менинг ҳиссам” Республика танловида муаллифлик асарлари билан ғолибликни қўлга киритди. Ўтган давр мобайнида Россия, Франция, Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон каби давлвтлардаги ўттиздан зиёд халқаро ва миллий кўргазмаларда ҳунармандчилик намуналарим билан иштирок этиб келяпман. 2017 йилда Москвада бўлиб ўтган “Ладия зимная сказка”, шунингдек, Париждаги “The most exemplary young crafsman of the year”кўргазмаларида ҳунармандчилик асарларим билан ғолиб бўлдим.
2011-2017 йиллар давомида кетма-кет 6 та Исмоил Сомоний мақбараси макети, 21 та елканли, 120 дона шахмат доскаси ҳамда шу каби қатор ёғоч ўймакорлиги асарларим хорижий давлатларга энг кўп экспорт қилинган ҳунармандчилик намуналари, деб топилди.
“Мард ўғлон” мукофотига лойиқ кўрилганим мендаги масъулият ҳиссини икки карра оширди. Аввало, мукофотлар янада олға интилиш учун туртки. Бизнинг асосий вазифамиз эса юрт тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун бор имкониятимизни бахшида этмоқдир.
Муҳаммад Ҳайдаров,
“Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори.