БИЗГА ИЛҲОМ, КАТТА ИМКОН БЕРГАН ЗОМИН

Бола қалби пок бўлади. Бола кўнгли беғубор бўлади. Шунинг учун болажонларни ҳамма-ҳамма суйиб, эркалайди. Бағрига олади.  Зоминнинг мағрур тоғлари ҳам бизни бағрига олди. Каттаю кичикка ажратмади.      

Жиззахнинг кўркли масаканларидан саналган “Ўриклисой”да ташкил этиладиган семинарда қатнашиш имкони туғилганини эшитгач, қалбимизда қувончни туйиш билан бирга масъулиятимиз ортганини ҳам ич-ичдан ҳис қилдик.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов, Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон, Маҳмуд Тоир, Дилшод Ражаб, Ашурали Жўраев, Шодмон Сулаймон ва миллий адабиётимизни янада равнақ топтириш йўлида  куч-ғайрат кўрсатаётган шоирлар, ёзувчи ва публицистлар билан бирга уч кун давомида ижод оламида қилган саёҳатимиз – фақат ва фақат ҳакиқатни айтишга, сўз юкини ҳис этишга ўргатди.

Биз каби семинарда иштирок этиш учун мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган тенгдошларимиз – ёш каламкашлар билан аввалига Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси “Дўрмон” ижод уйида бир кунимизни ўтказдик. Бу сўлим масканнинг булутларга бўй чўзган тераклари, мусаффо ҳавоси, атрофни тўлдириб турган ранго-ранг гуллари кўнглимизга илиқлик, тафаккуримизга теранлик бахш этди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳамид Олимжон, Зулфия Мўминова сингари забардаст ёзувчи, шоирлар қадами теккан манзилларда кезишнинг гашти шуқадар ёқимли бўлдики. уларнинг руҳи бизга мададкор бўлишини ният қилдик, бетакрор мушоираларга, дилкаш суҳбатларга ошиқдик. Барча иштирокчилар либосларимиз ҳам кўнглимиздек оппоқ бўлсин, дея бир хил кийимда йўлга отланганимиз ҳам қалбларимизга завқ улашди.

Бизни бағрига олган Зоминда кечган самимий суҳбат ва сабоқларда устоз шоир, ёзувчилар ижодий ишларимизга чизгилар беришди. Камчилик ва нуқсонларимиз, ижодда нималарга эътибор қаратишимиз лозимлиги ғоятда  мунис муносабатлар ила тушунтирилди, керакли маслаҳатлар берилди. Устозларнинг айтган ҳар бир сўзлари, ҳар бир фикрлари биз учун сабоқ, биз учун дарс бўлди. Олган билимларимиз, адабиётнинг бетакрор сирларидан бохабар бўлганимиз энди ёзажак сатрларимизда ўз аксини топишига ишонамиз.

Бундан ташқари, турли вилоятлардан келган ижодкор ёшлар билан турли мавзуларда фикрлар алмашдик, бири-биримизнинг ижодимиздан баҳраманд бўлдик. Қизғин мушоиралар давомида ўз-ўзимизни қайта кашф этдик. Бу, албатта, бизга яна ва яна ўз устимизда ишлашимиз, кўпроқ мутолаа қилишимиз лозимлигини англатди.

– Ҳозирги ёшлар жуда салоҳиятли-да! Агар мен компьютер ёнида ўтирадиган бўлсам, уни тушунолмай, компьютер билан анчагача қолиб кетаман. Лекин сизлар, уйингиздаги жовонни тўлдириб турган китобларни ўқимасангиз, худди менинг ҳолимга тушиб қоласиз,-Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг учрашувлар давомила биз, ёшларга қарата айтган ушбу сўзлари қулоғларимиз остида такрор-такрор жаранглайверади. Ҳақиқатан ҳам китобга меҳрсиз, ардоқсиз муносабатда бўлган ижодкор ижодкор саналмайди. Чунки мукаммал асар ўнлаб китоблар мутолаасадан сўнг дунёга келади.

Гўзал, дилкаш давраларда қизиган учрашувлардан қайтар эканмиз, дунё-дунё таассуротлар, янги-янги билимлар, яқин-яқин дўстлар билан қайтдик. Бир сўз билан айтганда, Зоминнинг мафтункор табиати бизга илҳом, нурли манзиллари катта имкон бердиБу имкониятдан фойдаланган, ижод майдонига қадам қўйган биз ёш шоир, носир ва публицистларни устозлар берган дуоси ҳамиша қўлласин!

Зулфизар МАВЛОНОВА,

Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси.