ҲАМЖИҲАТЛИГИНГИЗГА ҲАВАСДАМИЗ…

Ҳар йили Бухоро шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ипак ва зираворлар” Халқаро туристик фестивали йилдан йилга қамрови кенгайиб, юртимиз ҳунармандларини, балки чет мамлакатлар усталарини ҳам ўзида бирлаштираётган ушбу тантана чин маънода минг йиллик қадрият ва анъаналаримизнинг замонавий талқинидир.

Фестиваль доирасида ташкил этиладиган турли тадбирлар, палов сайллари, миллий ўйинлар ва миллий либослар намойишлари, бадиий жамоаларнинг қадриятларимиз тарғиботига бағишланган бадиий чиқишлари тантанадан мақсад фақат ипак ва зираворлар савдосини ташкил этиш эмас, балки мамлакатимизнинг туристик имкониятларини сайёҳларга таништиришдан ҳам иборатдир. Кўплаб сайёҳларнинг сўзларига кўра, ўз саёҳатларини айнан шу фестиваль ўтказиладиган саналарга қараб белгилашар экан, бу эса мазкур тадбирнинг шаҳримиз туристик ривожидаги салоҳиятли ўринга эгалигини кўрсатади.

“Бухоро ёшлар”» газетаси қошида ташкил этилган «Парвоз» ёш журналистлар маҳорат маркази репортёрлари фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар билан суҳбатлашишди.

Floviyo Jorjo Roselda, Италия:

  • Бу ажойиб фестиваль Ўзбекистон тарихида ўзига хос ўрин тутган қадим Бухорода ўтказилаётганидан биз жуда ҳам мамнунмиз. Халқингизнинг анъаналари, санъати, миллий таомлари ва маданиятининг турли қирралари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганимиздан бахтиёрмиз. Бу ернинг одамлари жуда очиқкўнгил ва меҳмондўст экан. Фестиваль халқингиз томонидан қадим-қадимдан то ҳозиргача қадар етиб келган маданий қадриятларни асраб-авайлашга бўлган интилишини яна бир карра намоён этди. Шу жиҳатдан халқингизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлигига ҳавасимиз келди.