ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ КУНЛАРИ

Мамлакатимиз раҳбарининг, фуқароларнинг дарду ташвишини, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш ва ҳал этиш, улар билан ҳамнафас бўлиш, қабул қилинаётган қонунларни халқчил тилда тушунтириш, шунингдек, фуқароларнинг давлат органларидан рози бўлишлари учун бор имкониятлардан тўлалигича фойдаланишни ҳар бир раҳбар ўз олдидаги биринчи даражадаги масала, деб билиши керак.

Адлия вазирлигининг ташаббуси билан яқинда Вобкент туманида “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остидаги “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ўтказилди. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилоят адлия бошқармаси, Давлат хизматлари марказлари, Адвокатлар палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар, давлат хизматлари агентлиги, суд идоралари, прокуратура, солиқ, ички ишлар бошқармалари ва бошқа ташкилотларнинг 200 дан ортиқ масъул ходимларидан иборат 10 та ишчи гуруҳи туманнинг барча ҳудудларида уйма-уй юриб, таълим муассасалари, корхоналар ва ташкилотларда фуқаролар билан мулоқотлар ўтказдилар.

Уч кун давом этган учрашув ва мулоқотлар давомида жойларда аҳолини қийнаётган бир қанча ҳуқуқий муаммолар ўз ечимини топди. Шунингдек, амалиётчи ҳуқуқшунослар томонидан кўрсатилган бепул юридик ёрдам, сайёр суд мажлислари ҳуқуқий тарғиботнинг самарали шакли бўлди.

Бундан ташқари, тадбир давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредит асосида бир гуруҳ аёлларга тикув машинаси топширилди.