Дилдора Маликова: “ 24 СОАТ ҲАМ КАМДЕК ТУЮЛАДИ…”

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳар жабҳада ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларга таянч ва суянч бўлиш йўлида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Ёшлар иттифоқи  фаолларини моддий қўллаб-қувватлаш, яъни Олий таълим муассасаларида шартнома асосида таҳсил олаётган, ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган талабаларга шартнома тўловининг 35 фоизини тўлаб бериш бу борада туб бурилиш ясади. Бухорода ҳам жорий йилда 166 нафар талабалар мазкур имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишди. Улар орасида Бухоро Тиббиёт институти талабаси Дилдора Маликова ўз иқтидори ва зеҳни билан ажралиб туради.

Дилдора Маликова 1997 йилда Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида туғилган. Ота-онаси ўта маъсулиятли, талабчан эканлиги боисми, у ҳам қатъиятли, иродали бўлиб улғайди.

Шифокор бўлиш Дилдоранинг келажак орзусига айланди. Чексиз орзулари уни Зарафшон Тиббиёт коллежига етаклади. Коллежни имтиёзли тамомлаган Дилдора Бухоро Тиббиёт институтига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинди. Ўқиш баробарида фаоллик ва ташаббускорликни ҳам унутмади. Жумладан, “Ораста қизлар” танловининг республика босқичида жамоавий тарзда 1-ўринни эгаллаган бўлса, “Тафаккур синовлари” интеллектуал танловида 2-ўринни, “Ёш китобхон”, “Ёш сиёсатчи”, “Президент асарлари билимдони”, “Маҳалланинг энг ораста қизлари” танловида эса фахрли ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, биология фани бўйича олимпиадаларда фаол иштирок этиб, ўз билим ва заковатини намоён этди.

– Ёшлигимдан ҳамма соҳада фақат биринчи ўринда бўлишни хоҳлаганман, – дейди Дилдора,-Мазали пишириқлар пишириш, чет тилларини ўрганиш, сухандонлик кабиларга, айниқса, қизиқишим жуда катта. Ҳаттоки, спортнинг ўзбек жанг санъати тури бўйича қизил белбоғ соҳиби ҳам бўлганман. Ҳозирда эса ўқув даргоҳимизнинг Бошланғич ташкилотида “Маънавий-маърифий ишлар” бўйича етакчиман. Бир сутка 24 соатдан иборат бўлса, баъзида мана шу соатлар ҳам етмаётгандек туюлади.

Ғайрат-шижоатли қизга сўнмас куч, ирода тилаймиз.