ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИГА ЧАП БЕРМАНГ!

Маълумки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тўртлик секторлари томонидан олиб борилаётган ишлар халқ манфаатига, фуқаролар фаровонлиги ва аҳоли турмуш даражасининг ошишига қаратилган. 

Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бюджет даромадлар параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш мақсадида ўтказилаётган профилактика тадбирлари ҳам бевосита жойларда солиққа оид жиноятчилик ва турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда яхши самара бераётир.

Эътиборлиси, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида тадбиркорликка кенг йўл очилди. Уларга имконият ва имтиёзлар кенгайди. Бироқ, бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш кун талаби бўлишига қарамай, тадбиркорлар орасида тўланиши лозим бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар базасини яшириб, ёки давлат солиқ хизматига чап беришга уринаётганлар ҳам оз эмас. Бундай ҳолатларни, айниқса, тадбиркорлик имкониятларини билмай туриб, даромад оширишни мақсад қилган фуқаролар фаолиятида кузатиш мумкин.

  Бухоро шаҳрида ўтказилган тадбирлар давомида тадбирпкорлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланди.

– Профилактик суҳбатда менга солиқ қонунчилиги талаблари ва қонуний фаолият юритаётган тадбиркорнинг имкониятлари кенг тушунтирилди, – дейди Дилфуза Каримова. – Бундан тўғри хулоса чиқариб, шу куннинг ўзида фаолиятимни қонунийлаштириб қўйдим. Яқин кунларда тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобига фаолиятимни янада кенгайтиришни режалаштирмоқдаман.

Давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан фуқаро Дилшод Шокировнинг яқинда ташкил этган яширин тадбиркорлик фаолияти аниқланиб, ушбу фуқаро билан ҳам профилактик суҳбат ўтказилди.

Аниқланишича, Дилшод Шокиров бу ерда эркаклар кийим-кечагини тикиш фаолиятини ташкил қилган. Аммо, тадбиркор сифатида ҳеч қандай ҳужжати йўқ.

– Ҳақиқатдан ҳам яширин равишда тадбиркорликни бошлаган эдим, – дейди Дилшод Шокиров. – Сабаби, ишни нимадан бошлашни, ҳақ-ҳуқуқимни билмасдим.  Бухоро шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ходимларининг тушунтириш ишларидан тўғри хулоса чиқариб, қонуний тартибда тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Энди имкониятларим кенгайди.

Давлат солиқ хизматидан яшириниб юрган бундай шахслар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилиши натижасида бир кунда 40 нафардан ортиқ фуқаронинг тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишига эришилди.

Жумладан, 19 нафар фуқаро янгидан тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтди ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган 9 нафар тадбиркорларга кўмаклашиш эвазига уларнинг фаолияти қайта тикланди. Шунингдек, фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ёлланма ишчи сифатида 12 нафар фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланди.

– Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар ва суҳбатлар орқали Бухоро шаҳрида 2018 йилнинг ўтган даврида жами 2000 ( икки минг) га яқин фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтди, – дейди Бухоро шаҳар ДСИ бошлиғининг ўринбосари Ф. Бобомуродов. – Жумладан, 951 нафар фуқаро янгидан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, фаолиятини вақтинча тўхтатган 333 нафар тадбиркорларга кўмаклашиш эвазига эса уларнинг фаолияти қайта тикланган ҳамда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ёлланма ишчи сифатида 689 нафар фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланиши натижасида маҳаллий бюджетга қўшимча равишда 1 миллиард сўмга яқин маблағ тушиши таъминланди.

Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан жойларда профилактика тадбирлари давом эттирилмоқда.

Бухоро вилояти Давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими.