Вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постлари тугатилади

Бугун пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройидада бўлиб ўтган  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга  Мурожаатномаси тақдим этилди.

Мурожаатномада давлат раҳбари таъкидлашича, ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

“Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади. Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш, патруль хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозим”, – деди Шавкат Мирзиёев.