НОГИРОН

Аббос амакининг келини Саодатда тўлғоқ бошланди. Ўғли бир неча кунга бошқа шаҳарга хизмат сафарига кетганлиги боис, Аббос амакининг ўзи келинини туғруқхонага оборишига тўғри келди. Аёли эса оғир бетоб, ўрнидан қўзғалишга ҳоли йўқ.

— Яратган эгамнинг ўзи оқ йўл берсин, қизим!-деди қайнона келинига зўрға ишора билан.

Туғруқхонага келишгач, орадан-озми кўпми вақт ўтмай, Саодатнинг кўзи ёриди. “Ҳолва” деб чиқишди ҳамширалар. Аббос амаки хурсанд бўлиб, уларга суюнчи чўзди. Бироқ, қўллари ҳавода муаллақ қолди.

— Узр, отахон, суюнчингизни ололмаймиз. Чақалоқ ногирон. Яшаб қолишига умид бўлса-да, тузалиб кетишига шубҳамиз бор.

— Унда… бир умр ногирон… Ўғлим, келинимнинг бу хабарга бардоши етармикан?! Бундан ташқари, қандай қилиб, ногирон болани уйга олиб кетаман. Яна биринчи неварам бўлса. Яхшиси,-титради Аббос амаки,-ўғлим, келиним ҳали ёш. Фарзанд кўришади. Умр бўйи ногирон бола доғида куйиб ўтишгунича, чақалоқни ўлди, деб расмийлаштириб қўя қолинглар.

Шифокору ҳамширалар бу ғалати “таклиф”га аввалига кўнишмади.  Аббос амаки у қилди-бу қилди уларнинг оғзини “бекитди”…

Саодат ўзига келгач, боласи ўлик туғилгани ҳақидаги шум хабардан адо бўлди. Бўм-бўш бағир билан уйга қайтди. Узоқ вақт ҳуш-беҳуш юрди. Қайнонаю-қайнота, эрининг меҳрибонлиги Саодатни аста-секин яна ўзига қайтара бошлади.

***

Орадан йиллар ўтди. Саодат яна икки фарзандга она бўлди. “¤лган” фарзандининг доғини унутди. Аббос амаки эса “савоб” деб Болалар Уйига тез-тез қатнашни канда қилмас, хайр-эҳсондан чарчамасди…

Нима ҳам бўлдию, Наврўз кунларининг бирида Саодатни ишхона томондан Болалар уйига совға-саломларни топшириб келиш учун жўнатишди. Қўллари болаларга аталган совға-саломлар билан лиқ тўла Саодат Болалар Уйига келиб, кутилмаганда икки тарбиячининг суҳбати устига тушиб қолди. Бутун вужуди оловланиб, аъзойи-баданини титроқ босди.

Бир тарбиячи:

— Жуда саховатли инсон-да, шу Аббос ака дегани. Қара, бугун ҳам болажонларни хурсанд қиляпти. Айниқса, анови ногирон қизалоққа меҳри бўлакча..,-деса,

— Ҳимм… меҳри бўлакча эмиш,-пичиннамо сўзлади иккинчи тарбиячи,-аслида, жуда қув одам-ку, ўша Аббос ака, дегани. Бундан тўрт-беш йилча бурун ўз келини туққан ногирон болани уйига олиб боришдан ҳазар қилиб, уни “ўлди” деб расмийлаштирган. Ва ноилож  бечора гўдакни шу ерга келтиришган. Аббос акани бу ерга савоб эмас, виждон азоби етаклаб келади, билсанг…

ЛАЙЛО