ихтиро
Болалигимда Изергил кампир ҳикояларини севиб ўқирдим. Унинг қаҳрамони Данкога жуда ҳавасим келарди. Мард, жасур йигит юрагини суғириб, уни гўё шамдек баланд кўтарганча одамларни зулматдан ёруғлик сари олиб чиқади… Бугун эса замон тараққийлашган. Оёғингиз остидан тортиб, баланд-баланд биноларгача нур таралиб туради. Юракни суғириб олишга эҳтиёж йўқ. Бироқ, ҳозир ҳам Данкога ўхшаганлар бор. Тўғри, уларнинг замон ва макони бошқа, услублари турличадир, аммо мақсадлари бир – одамларга нур улашиш, дунёни мунаввар айлаш.
Бухоронинг “Қора марварид” дея ном олган Қоровулбозор туманида фаолият кўрсатаётган Жамшиджонни ана шундайлар сирасига киритиш мумкин. Физика фанини қунт билан ўрганган Жамшид мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ техникага меҳр қўйди. Қалбига техника оламида кашфиётлар қилиш ғоясини тугди, янгиликлар яратишни мақсад қилди. Унинг ғоя ва истаги чўл ҳудуди қишлоқларида яшайдиган аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда унинг узлуксизлигини таъминлашдан иборат эди. Шу истак йўлида изланди, ўрганди. Унча мураккаб бўлмаган ўзига хос кашфиётлар яратди. Эндиги йўл – изланишларни билим ва салоҳият билан оқлашда эди.
Бу йўл уни Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти (ҳозирги Бухоро муҳандислик-технология институти) сари етаклади. Замон нафасини ҳис этган Жамшид Гулов талабалик даврида чироқларнинг янги, қулай ва бетакрор дизайнларини яратди. У яратган хилма-хил рангу жилода товланадиган чироқлар, нафақат, Қоровулбозор шаҳри, балки қишлоқларини-да файзиёб қилди.
Олийгоҳда таҳсил олиб, электро-энергетика муҳандислиги мутахассислигига эга бўлган Жамшид ўз фаолиятини “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” очиқ акциядорлик жамиятининг Қоровулбозор туман электр таъминоти корхонасида электромонтёрликдан бошлади. Корхонанинг тажрибали энергетиги Ихтиёр Рамазоновга шогирдликка тушиб, соҳани янада чуқурроқ ўрганишга киришди. Ёш мутахассиснинг тиришқоқлик билан ўз қобилиятини ишга солиб, энергетика соҳасида янгиликлар яратишдаги саъй-ҳаракатлари корхона раҳбари Бўстон Аслонов назарига тушди. Кўп ўтмай, Жамшид Гулов масъулиятли вазифа – энергия сотиш муҳандиси лавозимига тайинланди. Аҳоли истеъмочилари ҳамда юридик ташкилотларга электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш, фойдаланилган электр энергияси харажатлари тўловини истеъмолчилар томонидан ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашдек масъулиятли вазифани астойдил бажарди. Шунингдек, ўз устида тинимсиз изланган Жамшид “Пайвандлашни масофадан бошқариш структураси”, “Ҳаво тармоқлари кучланиши хавфсизлигини таъминлаш” каби техник лойиҳалар ишлаб чиқди. Соҳада кашфиётлар яратди. Айниқса, электрпайвандлаш қурилмасини масофадан туриб бошқариш мосламасини кашф этгани, диққатга сазовордир. Ушбу мослама қурилманинг суст ва носоз ишлашининг олдини олиш ҳамда уни масофадан туриб ўчириб-ёқиш вазифасини бажаради. Жамшиднинг бу кашфиётига кўра пайвандлаш жараёнида электр энергиясини эллик фоизгача тежаш мумкин.
– Маълумки, пайвандлаш жараёнида катта кучланишли электр энергияси зарур бўлади. Бу айрим ҳолатларда пайвандлаш жараёнида музлатгич, совутгич ва шу каби техник жиҳозлар электр энергиясидан узилмай қўйилган бўлса, уларнинг яроқсизланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу мослама бундай муаммоларнинг содир бўлмаслигини кафолатлайди,-дейди Жамшид Гулов,- яна бир кашфиётларимдан бири электромонтёрлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳимоя каскаларидан фойдаланишнинг янгича усулидир. Мен ҳимоя каскаларига электромонтёрни хавфдан огоҳлантирувчи сигнал ўрнатишга муваффақ бўлдим. Бу овозли огоҳлантирувчи сигнал нафақат, 6-10 квтли, балки ундан-да қуйи кучланишли ҳаво тармоғида хавф борлигидан бир метр масофа узоқликда турган электромонтёрни огоҳлантиради ва уни кучланиш остига тушишдан сақлайди. Айнан ушбу кашфиётимнинг малакали мутахассислар томонидан муносиб баҳолангани менинг шу соҳада янада тинимсиз изланишлар олиб боришимга туртки бўлди.
Ҳа, қаҳрамонимизнинг эртасини бугундан кўра олишимиз мумкин. Унинг келажагида ёрқинлик, ёруғлик порлаб турибди. Ихтирою кашфиётлари ёш чароғбон муваффақиятларига муваффақият қўшди. Соҳадаги қатор ихтиролари билан турли танловларда юқори натижаларга эришиб келган Жамшидга бу сафар ҳам омад кулиб боқди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловида қатнашиб, “Энг фаол ёш энергетик” номинациясида биринчи ўринни эгаллади. Техник лойиҳаси ва ихтиролари малакали мутахассислар томонидан изчил ўрганилиб, энергетика соҳасини ривожлантиришга йўналтирилди.
– Табиатнинг ўзи ихтироларга тўла. Мен уни кашф эта олдим, холос. Келажакда соҳада янги-янги изланишлар қилиш истагидаман. Ва улар амалиётда қўлланилиб, юртимизда электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш ва тежашда муносиб ҳисса қўшса, тунларни ҳам тонглардек чароғон этса, халққа завқу шавқ бахш этса, мендан бахтиёр инсон йўқ, -дейди суҳбатдошимиз.
Бир пайтлар қаердан ёруғлик чиқаришни ўйлаб, бош қотириб юришдан чарчамаган кашфиётчи бола бугун энергетика соҳасида ихтиролар юлдузига айланган. Унинг ихтиролари, тақдим этаётган лойиҳалари нафақат юртимиз, балки хорижлик мутахассисларни ҳам қизиқтириб қўйган.
Улуғбек бобомиз кашф этган юлдузлар самони ёритгандек, орадан йиллар ўтиб, бир ўзбек боласининг чароғбонликдаги ихтиролари дунёни ёритса, қаддингизни тик тутиб, юрак қўри ёғдусини қўлида баланд тутган бу йигит – бизнинг қаҳрамон, деб қўйишни унутманг.
Л. Сатторова