Иймон чорраҳалари
Санам ая ҳайрон. Ҳар икки куннинг бирида тандир ёқиб, нон пиширади. Камида 7-8та нон чиқаради тандирдан. Ўзи оилада тўрт жон яшашади. Хўжайини ва ўғли узук-кун ишда. Яқиндагина туширган келини эса ийманибгина дастурхонга зўрға қўл чўзса. Қизиқ. Яна икки кун охирламай, нон тугаб қолади.
Орадан озми-кўпми вақт ўтмай, Санам ая энди фақат нонларнинг эмас, балки гуруч, шакар, ун, қанд-қурсларнинг ҳам аста-секин камайиб, “ғойиб” бўлиб қолаётганини сезди. Кимдан гумон қилишни билмаган қайнонанинг боши қотди. Зимдан унинг тагига етишга ҳаракат қилди. Аммо, ҳарчанд уринмасин, “из” қолдирмас ўғриликлар “сир”лигича қолаверди. Қўни-қўшнилари қариндошдан ҳам яқин бўлиб кетишган. Улар ўзига тўқ оилалар. Бунчалар тубанликка боришмас. Санам ая қўшнилар ҳақида кўнглидан кечган ноўрин ўйлардан ўзи хижолат тортди.
— Қизим,-деди у бир куни ҳовлини супириб юрган келинига қараб,-бир бозор-ўчарга тушиб келайлик.
Қайнона-келин бозор оралаб юрар эканлар, келинчак ширинликлар пештахтасидан сотувчининг нигоҳидан яширинча секингина бир қанд олди-да, ўғринча оғзига солди.
— Уят бўлади-я, қизим, сўроқсиз олинган нарса ҳаром ҳисобланади-я,-деди кўзлари пирпираб қайнонанинг.
— Вуй, битта қанд билан дўконидаги ширинликлари камайиб қолармиди, ойижон,-деди хандон отиб келинчак.
Шу топ негадир, Санам аянинг оёқ-қўллари бўшашиб, юраги “шувв” этиб кетди.
— Ассалому алайкум!-деган сўздан ўзига келди. Келинининг опаси экан. Сўрашишди. Бироз у ер-бу ердан гаплашган бўлишди. Хайрлашиш чоғида келиннинг опаси синглисига қараб:
— Раҳмат, синглим, нону гуручлар учун,-сўнг Санам аяга юзланиб,-Сизниям қўлингиз дард кўрмасин, қудахола. Нонларингиз бирам мазали-ки,-деди-да, шоша-пиша жўнаб қолди.
Санам ая донг қотди. Келин “сир”ининг очилганидан йиғлаб юборди. Эри ўлган опаси уч фарзанд билан ночор аҳволда яшаётгани учун унга “беғараз ёрдам” кўрсатаётган экан.
— Бу “холис” ёрдамингиз савобга ўтмайди, қизим. Бировларнинг пешона тери эвазига келган нарсаларни ўғирлаб, уни бошқа бировга тортиқ этиш ҳаром ҳисобланади. Тайёр луқмага қарғиш тегади, дея бежизга айтишмаган. Ҳарқалай, опангиз иймонли экан. Сизнинг рўзғор эшигидан яширинча оборганларингиздан менинг ҳам хабарим бор, деб ўйлаб, раҳматини айтиб кетди. Ишқилиб, ўша ўғирланган нон ва егуликларга қарғиш тегмаган бўлсин-да..,-деди Санам ая ҳорғингина.