Лабиҳовуз бўйидаги 150 дан зиёд савдо пештахталарида чустлик пичоқчилар, риштонлик кулоллар, марғилонлик атлас ва адрас тўқувчилар, бухоролик зардўз ва кандакорлар, сурхондарёлик ва шофирконлик каштадўзлар, тожикистонлик ва қирғизистонлик дизайнер-чеварлар, хуллас, фестивалга келган барча ҳунармандлар ўз маҳсулотларини шаҳар аҳли ва чет элликларга сотдилар.
Ургутлик, шаҳрисабзлик, қўқонлик тадбиркорлар табиат неъмати бўлган 20 дан зиёд антиқа зираворларни, 50 га яқин шифобахш ўтларни харидорларга таклиф этдилар.
Жумладан, Бухоро шаҳридан иштирок этаётган зираворчи Дилмурод Матлабов ўз сўзларида зираворларнинг инсон саломатлигига фойдаси ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди:
– Юртимизнинг табаррук тупроғида униб, сахий қуёш нурларида тўйинган зираворларимиз овқатга хушбўй там бериши билан бирга, таркибида инсон организми ва унинг саломатлиги учун керак бўладиган витаминлар ҳам мавжуд, – дейди самарқандлик зираворчи Камолиддин Ҳусенов. – Масалан, зирани қайнатиб ичсангиз ошқозонга ниҳоятда фойдали.
Импер эса қайнатиб ичсангиз шамоллаш, нам тортиш, йўталнинг олдини олади. Седана-ички организмлар фаолиятини маромида ушлаш билан бирга, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди. Республикамизнинг тоғли ҳудудларидан олиб келинадиган кийикўти эса буйраклар фаолиятини яхшилайди, ўлмасўт жигар ва ўтпуфаги учун жуда фойдали.
– Ушбу фестивалда ўзимиз тайёрлаган адрас ва атлас матоларидан олиб келдим, – дейди Фарғона вилояти Марғилон туманилик ҳунарманд Мухтасар Қодирова. – Тадбир давомида юртимизда нафақат тўқимачилик, балки темирчилик, кандакорлик, гиламдўзлик, зардўзлик, каштачилик ва бошқа ҳунармандчилик турлари тобора равнақ топиб бораётганлиги, халқимиз, хорижий меҳмонларнинг ушбу маҳсулотларга қизиқиши ва талаби нечоғли юқори эканлигига амин бўлдим.
Фестивал тадбирлари нафақат Лабиҳовуз мажмуасида, балки шаҳарнинг барча йирик майдонлари ва савдо расталарида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Шунингдек, “Тоқи Саррофон” савдо марказида бошқа вилоятлардан келган ҳамкасблар учун Абдулло Нарзуллаевнинг Ғиждувон кулолчилик мактаби анъаналари бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди. “Тоқи Телпакфурушон” савдо маркази,“Лаби Ҳовуз” мажмуасида рассомчилик ва миниатюра бўйича Давлат ва Даврон Тошов, Жасур Орзиевнинг, “Нодир Девонбеги” мадрасаси, “Тоқи Заргарон” савдо марказида кандакор усталар Тохир Қосимов, Дилмурод Файзуллаев, Шавкат Ғуломов, Рахматилло Фатуллаевнинг, “Кўкалдош”ва “Абдулазизхон”мадрасаларида каштачи усталар Эрмат Яхшиев, Ахмад Арабовнинг, Бухоро ипак гиламчилиги марказида гиламдўз уста Улуғбек Қосимовнинг, “Тоқи Саррафон”, “Тоқи Телпакфурушон” ва “Тоқи Заргарон” савдо марказлари, “Тим Абдуллахон”савдо марказида темирчи усталар Шокир Камолов, Жўра Икромов, Сайфулло Икромов, Зохид Камоловнинг, “Нодир Девонбеги” мадрасаси, “Совға” зардўзлик марказида Зардўз усталар Мунаввар Фармонова, Бахшилло Жумаевнинг, “Тим Абдуллахон” савдо марказида эса атлас тўқиш устаси Бахшанд Файзиеванинг мастер класслари ҳамда кўргазмаларш ташкил этилди.