КЎНГИЛЛАРУ ЮРТ ОБОД, ХАР БИР ЛАХЗА УТАР ШОД

Карнай-сурнайлар садолари остидаги тантанали юришлар Фестивалга чинакам байрам тусини берди. Халқ амалий санъати усталари, таниқли фольклор ва театр гуруҳлари, хонандалар, мусиқачилар, раққосалар, бахшилар, қизиқчилар, чавандозлар, дизайнер-рассомлар, ҳунармандлар, ошпазлар, бир сўз билан айтганга, маданият ва санъат соҳасининг кўплаб йўналишларида ном қозонганлар ўз кўргазмалари билан чиқишди. Завқу-шавқ лаҳзалари кўнгилларга кўчди.

Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган аҳоли қадим маскан бағрида яйраб, тантаналардан баҳраманд бўлишди.

 IMG_3439

 Ҳунармандларнинг ўз маҳсулотлари билан савдо қилишлари учун ташкил этилган 200 дан зиёд дўконлар улар манфаатдорлигини таъминлашнинг янги манбаи бўлди. Сайёҳлик фирмалари вакилларининг шаҳар туристик салоҳиятини, меҳмонхоналардаги шарт-шароитларни ўрганиб, янги шартномаларни тузганлари соҳа равнақини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

 Тажрибали ва моҳир усталар меҳнати билан яратилган бетакрор санъат асарлари, серқуёш диёримизнинг шифобахш ўсимликлари ва зираворлари, зарринқалам хаттотлар ва мусаввирлар яратган қўлёзма китоблар ва миниатюралар дунёдаги энг машҳур музейларнинг ноёб экспонатлари хорижлик меҳмонларнинг эътирофига сазовор бўлди.

 Жек Адамс, Англия:

Мен Бухоро ҳақида кўп эшитганман. Лекин бу қадар жозибали шаҳар эканлигини тасаввур қилмаган эканман. Сайёҳлар учун яратилган имконияту эътибор, тўғрироғи, ўзбекона эҳтиром миллатнинг энг катта бойлиги экан, ажойиб! Миллий ҳунармандчилик равнақи, туризм соҳасида кўрсатилаётган хизматлар турининг шу қадар равнақ топаётгани ҳавас қиларли даражада. Тасанно!