“Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги”
Гиёҳвандлик – аср вабоси. Минг афсуски, ажал сари етакловчи бу вабо борган сари ўз қулочини кенгроқ ёзиб бормоқда. Дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган бу долзарб муаммо ҳар йили неча минглаб одамларнинг ёстиғини қуритмоқда. Унинг домига асосан, ёшларнинг турли алдов йўллари билан тортилаётгани даҳшатлидир. Умр инсонга бир марта берилади. Ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини эъзозлаш, ёшларимизнинг жамиятда ўз ўринларига эга бўлишларига эришиш лозим.
Ёшлар камолотининг юксалиши, бурч ва масъулиятини тўлиқ англаши, уларда жамият бахт-саодати йўлида меҳнат қилиш хислатларини шакллантириш йўлида Ҳаракатнинг Бухоро вилояти Кенгаши томонидан кенг миқёсда ўтказилаётган “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” бу борада, айниқса, диққатга сазовордир.
– “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” муносабати билан Ҳаракатнинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилаётган “Биз ёшлар чекишга қаршимиз!”, “Соғлом ҳаёт сари” каби турли акция ва лойиҳалари аҳоли ва ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, “Гиёҳвандликка қарши курашда ОАВнинг ўрни”, “Жаҳолатга қарши санъат билан!”, “Ўзингизни эҳтиёт қилинг!” каби лойиҳаларда бевосита ОАВ вакиллари, таниқли санъаткор ва ёш хонандаларнинг ҳам жалб қилингани тадбирларнинг янада мазмунли кечишини таъминламоқда,- дейди вилоят Кенгаши бўлими мудири Саид Қўшшаев,- шунингдек, соғлом турмуш тарзига салбий таъсир этувчи гиёҳвандлик ва унинг таъсирига тушиб қолган инсонларнинг тақдири, салбий оқибатлари ҳақидаги лавҳалар ҳам тадбирлар жараёнларида намойиш этилмоқда.
Бухоро шаҳри марказида жойлашган “Дилкушо” бозорида бўлиб ўтган Акция ҳам гиёҳвандликка қарши кураш тарғиботида муҳим ўрин тутди. Бухоро Маданият коллежи, Когон туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби, Ғиждувон туманидаги 7- ҳамда 15- умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилган тадбирлар ҳам диққатга сазовор. Қоровулбозор туманидаги “Жайрон” қўриқхонасида ўтказилган тадбирлар ҳам қизғин кечди. Шунингдек, тумандаги “Ёшлар маркази”, “Гўзал” спорт-соғломлаштириш комплексида бўлиб ўтган бетакрор тадбирлар ёшларнинг чиниқиб, соғлом турмуш тарзи сари янада интилишларига туртки бўлди.
Шу ўринда, Ҳаракатнинг Бухоро шаҳар Кенгаши қошидаги ЁИХМ “Рассомчилик” тўгараги раҳбари Меҳринисо Аскарова томонидан ташкиллаштирилган “Ёшлар нигоҳи” мавзуидаги расмлар танловини ҳам қайд этиш муҳим. Ҳаёт Шокиров, Жавоҳир Муҳаммадиев, Саидҳусен Багиров, Мафтуна Юсупова, Муҳаммадмирзо Умиджонов, Нурова Рухшона мўйқаламига мансуб “Умид”, “Сабоқ”, “Аср вабоси чангалида” каби тасвирий санъат асарлари кўпчиликка қизиқиш уйғотди. Асфальтга расм чизиш танлови ҳам ғоят қизғин кечди.
Ёшларнинг маънавий камолоти, уларнинг саломатлиги, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик тарқалишининг олдини олиш мактаб ва жамоат ташкилотлари, ўқитувчилар, тарбиячилар, ёшлар ва ота-оналар зиммасидаги катта масъулият ҳиобланади. Мақсад – инсон саломатлигининг кушандаси бўлган гиёҳвандлик офатидан халос этиш. Келажагимиз бўлган ёшлар ҳақида ғамхўрлик қилиш ҳар бир ақли расо кишининг вазифаси ва бурчидир. “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” мана шу ғояни тарғиб этишга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлмоқда.