“ВАТАН КАБИ МАНГУ НАВОИЙ”

Вилоят Мусиқали драма театрида вилоят ҳокимлиги, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида буюк мутафаккир шоир Алиер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кечада ёзувчи ва шоирлар, профессор-ўқитувчилар, шеърият мухлислари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Бунда мамлакатимизда маънавиятни юксалтириш, улуғ ажодларимизнинг ўлмас меросларини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш, унинг мазмун-моҳиятини ёшлар онгу шуурига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Маънавият ва маърифатни юксалтириш, баркамол авлодни вояга еткази, она тилимиз, миллий адабиётимиз равнақида улуғ шоир, мутафаккир Алишер Навоий ижодининг аҳамияти беқиёсдир.

-Буюк мутафаккирнинг тўғрисўз, эзгу амал ва инят билан яшамоқ зарур, деган ўгитлари барчамиз учун ибрат манбаидир,-дейди Бухоро муҳандислик технология институти қошидаги 1-академик лицей ўқитувчиси Азиза Қобилова,- улуғ бобокалонимиз асарлари асосида тайёрланган адабий-мусиқий композициялар, саҳна кўринишлари, айниқса, “Хамса” достонидан намойиш этилган ибратли лавҳалар ёшлар қалбига олам-олам ғурур бахш этиш билан бирга муҳим ҳаётий хулосалар, ибратлар олишига кўмак берди.

Адабий-маърифий кечада саҳна кўринишлари ижро этилди, буюк боокалонимизнинг инсон бахт-саодати, фаровонлиги, садоқат ва вафо каби юксак фазилатлар тараннум этилган ғазалларидан намуналар ўқилди.

Феруз МУРОДОВ