ЁШЛАР НАШРЛАРИ МУЛОҚОТГА ЧОРЛАЙДИ!

    Газета чиқариш, газетачи бўлиш ҳеч қачон осон кечмаган. Лекин шундай бўлса-да, республикамизда талай газеталар бўй кўрсатиб турибди. Шулар орасида Ҳаракат муассислигида чоп этиладиган ёшлар нашрлари: “Туркистон” ва “Молодёжь Узбекистана”, “Бухоро ёшлари”  газеталари ҳамда “Ёш куч” журналининг ёшлар ўртасида ўз ўрни, салоҳияти бор.

Ҳаракатнинг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг равишда ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш, уларни миллий истиқлол ғояси атрофида бирлаштириш, маънавий-маърифий баркамоллик сари етаклаш, спортга, адабиёт ва санъатга, илмга бўлган қизиқишларини, иқтидор ва эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилиш ушбу нашрларнинг бош вазифасига айланди. Бу борада Ҳаракатнинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил этиб келинаётган “Ёшлар нашрлари кунлари” ўз самарасини берди, деб айтиш мумкин.

SAM_5304

Фикр. Мулоҳаза. Таклиф.

    Бухорода “Ёшлар нашрлари мулоқотга чорлайди!” шиори остида бўлиб ўтган  “Ёшлар нашрлари кунлари”нинг илк учрашуви  Бухоро шаҳридаги 1-Мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилди. Ҳаракатнинг туман, шаҳар Кенгаши раислари, бошланғич ташкилот етакчилари, ўқувчи ва талаба-ёшлар билан  “Туркистон” ва “Молодёжь Узбекистана” газеталари бош муҳаррири Фахриддин Каримов, таҳририят ходимлари Санжар Исматов, Нигина Мататова ҳамда Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши матбуот бўлими етакчи мутахассиси Мусулмонбек Иброҳимовлар ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар. Иштирокчилар баҳс-мунозараларда фаол қатнашдилар.

IMG_4074

    –Биз ўзига хос қиёфа ва мазмунга эга бўлган ёшлар нашрларини оиламизда ҳам севиб ўқиймиз. Онам рус тили ва адабиёти фани муаллими. Ўзим журналистикага қизиқаман. Биз айниқса, “Молодёжь Узбекистана”нинг кўп йиллик мухлисларимиз. Уни алоҳида қизиқиш билан варақлайман. Газетадаги каттами-кичикми мақолалар ҳар биримизга даҳлдор. Бизни камолот сари етаклайди. Айниқса, маънавиятимизни шакллантиришга оид мақолаларни қувонч билан қарши оламан,-дейди БухДУ рус филологияси факультети талабаси Рушана Набиева,- Шу ўринда яна бир таклифим, газетани янада қизиқарлироқ қилиш лозим. Мен қизиқарли, деганда дам олишга мўлжалланган, енгил ўқиладиган нарсаларни эмас, балки асримиз ёшларининг тафаккурига мос келадиган вазни салмоқли материалларни назарда тутаяпман. Ёшлар нашрлари бизнинг нашримиз экан, у янада зўр бўлиши керак!

    Журналистлар учрашув иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоб берар эканлар, бундай мулоқотлар нашрларнинг келгуси фаолияти учун ижобий аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Учрашув қатнашчиларига тақатилган “Ёшлар нашрлари сўровномаси” ёшларнинг ушбу нашрлар ҳақидаги муносабатларининг яққол ифодаси бўлди.

Зулфизар Мавлонова, ёш репортёр:

    – Бугунги ёшлар нашрлари бундан ўн йиллик олдинги газетадан фарқ қилади. Зерикарли мақолалар улар саҳифаларини эгалламаяпти. Лекин уни бир марта бўлса ҳам қўлига олмаган ёшлар орамизда йўқ эмас экан. Кучли мушоҳадалар, кескин фикрлар баён этилган мақолаларни ўқиб, завқ олади, киши. Ушбу нашрларга обуна бўлган киши кўп нарсага эришади! Лекин нега ёш газетхонлар мутолаага бефарқ қарашаяпти? Балки Таҳририят ходимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантиришлари лозимдир.

Феруз Сайфуллаев, ёш репортёр:

    – Кейинги пайтда одамларнинг савиясини ўтмаслаштирадиган бир қанча хусусий газеталар ҳам пайдо бўлдики, бу ўз-ўзидан, ёшлар маънавиятининг сийқалашишига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қўймаяпти. Бу билан хусусий газеталарнинг ҳаммасига ҳам тош отмоқчи эмасмиз. Фақат ёшларга мағзи пуч, маънавиятга даҳлсиз енгил-елпи газеталардан бир тош нари юринг, демоқчимиз, холос. Мен ёшлар нашрларининг доимий мухлисиман. Турли рукнлар остидаги мақолаларни ўқиб, завқ оламан.Севимли газетамизнинг ҳар доим ёшлар билан, замон билан ҳамнафас бўлиб қолишини истайман.

SAM_5324

IMG_3767

    Шунингдек, тадбирда ёш репортёрлар мактабини ҳам жонлантириш асосий вазифа қилиб белгиланди.

    -Ёшлар орасида келажакда журналист бўлишни орзу қиладиган йигит-қизлар талайгина. Аммо машаққатли касб эгасига айланиш учун биргина орзунинг ўзи камлик қилади. Севимли ёшлар нашрларини турли фикр ва қарашлар, ажойиб мақолалар билан янада бойитиш учун Ҳаракат томонидан ёш репортёрлар тайёрлаш мақсадида жуда катта ва кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин Бухорода ёш репортёрлар фаоллигини кучайтириш, истеъдодини янада ошириш учун масъулият ва  жавобгарлик ҳисси билан ёндошилмаганини иккиланмай айтиб ўтиш ўринли. Ёшлар нашрларига таянч ва суянч бўла оладиган ёш репортёрлар маънавиятини, билим салоҳиятини юксалтириш, уларнинг истеъдодини намоён этишларига эътиборни кучайтириш, уларни турли изланиш ва янгиликлар сари чорлаш жуда муҳим, –дейди Ҳаракатнинг МК матбуот бўлими етакчи мутахассиси Мусулмонбек Иброҳимов.

    Тадбир давомида бу масъулиятли вазифа Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши муассислигидаги “Бухоро ёшлари” газетаси қошида ташкил этилган “Парвоз” ёш журналистлар маҳорат маркази зиммасига юклатилди.

Бетга айтганнинг заҳри йўқ

    Ёшлар нашрлари учун обунани уюштириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда жонбозлик кўрсатиши учун таҳририят “Камолот”га таянади ва ишонади. Аммо айрим ўринларда бунга эътиборсизларча ёндошилиши ҳафсалангизни пир қилмай қўймайди. Тўғри, кўпчилик пайт  “Обуна мажбурий эмас!” деган жумла такрор-такрор қулоғимизга чалинади. Лекин обуна қачон “мажбурий” бўлади, қайсики, нашр соҳадан мутлақо йироқ, ўқувчи-ёшларнинг ҳаётига, уларнинг ижтимоий-сиёсий позициясига, ёши ва мавқеига деярли, даҳлсиз бўлса! Лекин “Ёшлар нашрлари мулоқотга чорлайди!” шиори остида ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, “Туркистон”, “Молодёжь Узбекистана”, “Ёш куч” ва “Бухоро ёшлари” нашрлари ёшлар ва фақат ёшлар учун. Ўз ҳудудида обунани ташкил этиш жараёнларига эътиборсиз қараган, ёки обунанинг жуда “паст”лиги учун уялиб, ўзи билиб-билмаган нотўғри маълумотномаларни тақдим этган  айрим туман Кенгаши раислари кўпсонли ёшларга қандай етакчилик қилиб келишаётган экан?IMG_3991

    Савол-жавобларга эътибор қаратсак:

    – Бухоро шаҳри бўйича ёшлар нашрларига обуна даражасини айта оласизми?

-Мен аниғини билмайман. “Матбуот тарқатувчи” ва “Почта”дан олган маълумотимни  иш столимда қолдириб келибман…

    -Когон шаҳри бўйича-чи, маълумот борми?

    -Йўқ, шунчаки телефон орқали сўраб қўя қолган эдим…

    -Тадбирнинг асосий мақсади нимага қаратилгани ҳақида тушунчага эгамисиз?

    -Йўқ. “Ёшлар нашрлари кунлари” бўлади, дейишди… (изоҳга ҳожат йўқ)

   IMG_3984 Ҳаракатнинг Когон шаҳри, Бухоро шаҳри, Қоракўл ва Олот тумани каби  қатор айрим раислари ҳамда масъул ходимлари билан ортиқча суҳбатлашишга ҳожат қолмади. Ўзи иштирок этаётган тадбир мақсадини ҳали англаб етмаган ёки сўралган жойга маълумот етказишда “шунчаки”ликка йўл қўйганлар кутилмаган ноаниқ кўрсатмалардан “қочиб кетган” аниқ обуна рақамларини қаердан  олишаркин? Бизни маълумотлар етказишда раҳбариятга нисбатан интизомни чегаралаб ўтган Кенгаш масъулларининг ёшлар ўртасидаги обрў-эътибори қандай бўлиши мумкин? – деган савол қизиқтиради.

Бу бўстон ичра…

   SAM_5328Шофиркон Маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган учрашув ғоятда қизиқарли мулоқот, савол-жавоб ва баҳсларга бой бўлди. Газетхонлар матбуотнинг “Тўртинчи ҳокимият” мавқесини мустаҳкамлаш учун ёшлар нашрларида танқидга кенг ўрин бериш лозимлигини айтдилар.

   Мулоқотга киришган Шодмон Тожиев, Гулифар Саломова, Лола Қаюмова, Санобар Пўлатова, Асилбек Пўлатов, Диёра Алимова каби ўқувчи-ёшлар ва бошланғич ташкилот етакчилари таълим-тарбия масканларидаги ижтимоий муаммолар, етакчилик фаолиятини юритишда тўсиқ бўлаётган қатор масалаларни ҳам ўртага ташлашди.

    Тадбирда тўпланганларнинг барчаси ўзининг ижодкор, шеъриятга ошно қалб эгаси эканлигини намоён этишди. Болалик завқи, ёшлик сурури, қалбнинг бетакрор туйғулари жамулжам бу мушоира шоиру адиблар гўшаси – Шофиркон ичра гул кўп, чаман кўплигини ўзида намоён эта олди.

Мулоқот – дадиллик талаб қилади

    “Ёшлар нашрлари кунлари”нинг Бухоро туман Саноат касб-ҳунар коллежидаги саёҳатини қизғин мусоҳабаларга бой бўлди, дейишга шошилмадик. Ваҳоланки, залда тўпланган икки юз нафардан зиёд ёшларнинг мулоқотга қовушолмагани, уларда дадиллик етмагани тадбир ташкилотчилари учун анча ноқулайлик туғдирди.

    Айниқса, коллеж бошланғич ташкилоти етакчисининг “Газетага мақола чоп этиш учун нима қилиш керак?” деган саволи бошланғич ташкилотларда фаолият олиб бораётган етакчиларнинг билим салоҳиятини янада ошириш зарурлигини кўрсатди.

    Дарҳақиқат, етакчиликни бажариш учун, аввало, етук кадр бўлиш керак. Тажрибасиз шахсни тўғридан-тўғри ёшлар билан ишлаш учун келтириб қўйиш ярамайди. Учрашув давомида бошланғич ташкилот етакчилари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш учун кўрсатмалар берилди.

    Бироқ, айтиш жоизки, ушбу учрашувда ёшларнинг ўз-ўзларига танқидий руҳда ёндошганлари мулоқотнинг давомийлигини бироз қизғин таъминлашда ҳисса бўлди. Тўпланганлар турли ёшлар   IMG_3957      нашрларига обуна бўлишган бўлса-да, уларнинг ўз вақтида газетхонларга етказилмаётгани, бу эса зарур ахборотлардан ўз вақтида хабардор бўлишга ҳалал бераётганини билдиришди.

Ёш шифокорлар бефарқ эмас!

Кечки пайт Бухоро давлат Тиббиёт институти Талабалар турар жойи маънавият хонасида бўлиб ўтган давра суҳбатида ёш шифокорларнинг ёшлар нашрларига бефарқ эмасликларини илғаш қийин кечмади.

 Бухородаги учрашувларнинг ҳар биридан шундай натижалар кутилган эди. Вилоятда уюштирилган учрашувларда фаол иштирок этган ёшлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланишди

Лайло ҲАЙИТОВА