“Ёш мутахассис – 2015”
Мамлакатимизда малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини янада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Ўз соҳасида юқори натижаларга эришган иқтидор ва истеъдод эгаларини рўёбга чиқариш, ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлод вакилларида Ватан туйғуси ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишга кўмаклашиш мақсадида Ҳаракат томонидан анъанавий тарзда “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ўтказиб келинмоқда.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши, вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бирлашмаси, вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилган танловнинг қуйи босқичларида 8 та мутахассислик бўйича 400 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди.
Нодир Девонбеги мадрасасида бўлиб ўтган вилоят “Ёшлар форуми”да айнан шу танловда ютуққа эришган ва фаолликни қўлга киритган 20 нафар йигит-қиз ўз мутахассисликлари бўйича тақдирланишди. “Энг фаол ёш архитектор” номинациясида Жасур Давронов ва Феруз Ҳайдаров, “Энг фаол ёш банк ходими” номинацияси бўйича Оқилжон Сафаров, Суннатилло Очилов ва Феруз Муродов, “Энг фаол ёш фермер” номинациясида Шермат Рахимов, Муроджон Бафоев, Баҳром Бейлиев, “Энг фаол ёш маданият ходими” номинацияси бўйича Камол Салимов, Соҳиб Қобилов, “Энг фаол ёш олим” номинациясида Хусниддин Жўраев, Лазиз Ниязов, “Энг фаол ёш шифокор” номинацияси бўйича Насиба Хасанова, Бекзод Найимов, Одил Зарипов, “Энг фаол ёш тадбиркор” номинациясида Нодир Суннатов, Нодир Шарипов ҳамда Барчиной Юсуповалар ғолибликни қўлга киритишди.
Барча ғолибларга мутассадди ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди ҳамда биринчи ўрин ғолибларига танловнинг республика босқичида иштирок этишга йўлланма берилди.
– Юксак ишончнинг бир намунаси бўлган бу эътибор ёш мутахассислар учун, нафақат, масъулият ҳиссини, балки, шу Ватаннинг эртанги фаровон куни ва буюк келажагига дахлдорлик ҳиссини янада кучайтирди. Мамлакатимизнинг ижимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда бир ғишт қўйишдек улуғ вазифани ҳаётий мақсадимизга айлантирган эканмиз, кейинги фаолиятимизда янада юксак натижаларни қўлга киритиб, юрт корига камарбаста бўлишга ваъда берамиз, – дейди танлов ғолиби Одилшоҳ Бобокалонов.
Танлов ёш мутахассисларнинг салоҳиятини янада ошириб, ҳаёт машъаласи бўлиб қолишига ҳеч қандай, шубҳа йўқ.
Шавкат БОБОЖОНОВ.