Юртимиз эгалари бўлган болажонларни жисмонан соғлом, кучли ирода ва юқори интеллектуал салоҳиятга эга инсонлар этиб тарбиялашнинг бош омили – болалар спортини ривожлантириш қатори уларнинг маданий ҳордиқ олишларини ҳам таъминлашдир.
Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, ниҳол ёшидаги болажонларнинг чинордек мустаҳкам ва бақувват бўлиб камол топаётганини мамлакатимизда дунё аҳлини ҳайратга солувчи замонавий спорт иншоотларининг барпо этилаётганида ҳамда талаб даражасидаги маданий масканлар нуфузининг ошиб бораётганида кўриш мумкин. Мана шу бунёдкорликлар ортида минг-минглаб болалар тақдири, келажаги ётганини ҳам чуқур англаймиз. Шу нуқтаи-назардан, бу борада Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламда бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Кечагина тикланган ва фойдаланишга топширилган ўйингоҳларида бугун ҳаёт қизимоқда. Болалар шод ва хуррам. Бу, албатта, юрагида Ватани бор, элим деб, юртим деб яшаётган, шу халқ ва фарзандлар келажаги учун фидокорлик кўрсатаётган жонкуярлар ҳамда тадбиркорларнинг беминнат хизматидир.
Бухоро шаҳар ҳокимлигининг ана шундай серғайрат ва саховатпеша тадбиркор Бахтиёр Жўраев билан биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли Бухоро шаҳридаги “Шайхулолам” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ҳофиз Таниш Бухорий” кўчасида янгидан барпо этилган “Болажон” майдончаси фойдаланишга топширилди. 583 нафар болажон дам олиш имкониятига эга бўлган мазкур майдонча 250 кв.м.дан иборат. 5 та соябонли ўриндиқ, 10 га яқин атракционлар билан жиҳозланган. Бунда инновацион лойиҳалар асосида замонавий техник воситалар: ҳавони салқинлаштирувчи сув пуркагич, етти хил рангда жилоланувчи сунъий шаршара ўрнатилгани болажонларга завқ-шавқ улашиши, табиий. Айниқса, майдонча қошида 100 нафар кишига мўлжалланган “Болажон” кафесининг ҳам ташкил этилгани, унда турли-туман музқаймоқ ҳамда болаларбоп салқин ичимликлар хизмати йўлга қўйилгани уларга янада хуш-кайфият бахш этади.
Шунингдек, атрофи анган, арча, сосна, юка, шамшод каби манзарали дарахтлар билан кўкаламзорлаштирилган майдончанинг Санк-Петербург ёритгичлари билан таъминлангани “Болажон” оқшомини ҳам кундуздагидек чароғон этиб туради.
Бундай ҳам дам олиш, ҳам спорт машқларини оширишга мўлжалланган маскан, нафақат, болалар, балки, барча фуқаролар юрагида Истиқлолдан мамнуният завқини оширмоқда. Мустақилликнинг нақадар улуғвор қудратга эга эканлигини исбот этмоқда.
-Маҳалламизда бундай майдончалар 10га яқин. Фарқлиси, “Болажон” энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Айниқса, унга ёнма-ён спорт майдончасининг ҳам мавжудлиги ҳордиқ олишга келган болажонларни ўзига чорламай қўймайди. Турли спорт беллашувлари ўтказилади. Ёш ғолиблар турли номинациялар билан тақдирлаб борилади. Бу каби ижобий кўрсаткичлар, албатта, болаларни жисмонан бақувват, руҳан тетик, маънан соғлом, ақлан етук бўлиб камол топишларига хизмат қилади,-дейди “Шайхулолам” МФЙ раиси Моҳира Тошева.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, болалар эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи экан, демак, бугун ҳар томонлама баркамол бўлиб камолга етаётган миллатнинг келажаги ҳам буюк бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Истиқлол берган неъмат ҳам шу – бугун мамлакатимиз аҳли ва болалари жаннатмакон юртда шодлик ва бахтиёрликда яшашмоқда. Бизнинг бахтимиз ана шунда!
Лайло Ҳайитова