РАЙҲОН ГУЛДЕК ИФОРИМ-ОЙИМ…

Ҳар куни анвойи гуллар ифорини бўйлаб уйғонаман.  Тонг саҳарданоқ гулларни парваришлашни канда қилмайдиган ойижонимга кўмакка ошиқаман. Гулларнинг нозик новдаларию, нафис баргларини авайлаб артиб қўяман, остини юмшатаман.

Яқинда  ойим тувакда ўстираётган архидея гулининг ғунчалаб туриб сўлиб тўкилиб қолганини кўриб, хафа бўлди. Нонуштадаям, кечки овқат маҳалидаям кайфияти йўқлигидан ҳалиям гул учун куйинаётгани сезилиб турарди. Нима қилсам, ойижонимнинг чеҳралари очилади, дея ўйлай-ўйлай, охири туни билан гул ясашга киришдим. Бинафшаранг ипак матодан гулчалар ясаб, тонг ғира-ширасида архидеянинг нозик новдасига уларни илиб қўйдим.

Менинг бу “сюрприз”имдан ойижоним қувониб, мени суйиб эркаладилар. Мен эса ойижонимни хурсанд қила олганимдан бахтиёр эдим.

Шу куни жонажон мактабимизга келиб, синф раҳбаримиз Лора Евгенеевна Бородинога барча синфимиз ўқувчилари ҳар хил рангли қоғоз ва матолардан турли хил гуллар ясаб, ойижонларимизни хурсанд қилишимиз мумкин эканлигини билдирдим. Бу устозимизга ҳам маъқул бўлди. Бу таклифни янада қизиқарли амаллар билан бойитиб, мактабда “Гуллар байрами” ўтказишимизни айтди.

Устозимизнинг тинимсиз сайъ-ҳаракатлари билан “Гуллар байрами” “Матолардан ясалган гуллар”, “Суратларда акс этган гуллар”, “Гулдан ясалган ўйинчоқ ва саватчалар”, “Асфальтда чизилган гуллар”, “Сочга гулчамбар”, “Кийимларни безаган гуллар” каби қатор дастурлар билан янада бойитилди. Она табиат, баҳор ва бетакрор гулларни мадҳ этувчи “Шеърият гулдастаси” ҳам, айниқса, ажойиб бўлди.

Мактаб маъмурияти томонидан тузилган ҳакамлар ҳайъати биз, ўқувчиларнинг қўл меҳнати билан ясалган ишларни юқори баҳолашди. Барчамиз диплом ва жажжи совғалар билан тақдирландик. Биз ҳам ўз ўрнида синфимиз ўқувчилари билан ясаган саватгулни мактаб кўргазмасига совға қилдик.

Ва уйга қайтаётиб олган райҳон гулларни эса ўзим ясаган ана шундай гулсаватчага солиб, гуллардек гўзал ва ифорли меҳрибон ойижоним бағрига ошиқдим…

Отабек САМИЕВ,                                                                                          Бухоро шаҳридаги 39-сон ихтисослаштирилган                     умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси.