“Ўзинг жимитдайгинасану кўксингдаги шодаларингга қара, бизга ҳам шахматни ўргатиб қўй, эркатой”,-дейишади ҳар сафар шахмат беллашувларидан ғолиб бўлиб қайтганимни кўрган қўни-қўшниларимиз суюнишиб. Қўни-қўшниларимга “Мен эркатой эмасман!”-десам-да, уларнинг табрикларидан барибир, хурсанд бўлиб кетаман. Шунинг учун ҳам биринчи бўлиб диплом ва медалларимни уларга кўрсатаман. Мусобақаларда ҳам худди қўни-қўшниларим, яқинларим дуоси мени қўллаб-қувватлаб тургандек, гўё.
Ота-онам шахматга, деярли қизиқмасалар-да, аммо менинг қизиқишларимни доим қўллаб келадилар. Телевизор орқали мен ўзим учун шахмат қироли, деб билган Рустам Қосимжоновнинг ўйинларини, тахта устида маҳорат билан дона суришларини кўриб, роса ҳавасим келган. 4 ёшимда дадамга: “Менга шахмат оберинг, мен Рустам Қосимжоновдек бўламан, катта бўлсам, шу шахмат қироли билан дона сураман” деганимда, ойим иккалалари ҳам ҳайрат, ҳам қувонч билан мени қучиб олганлар. Эртасигаёқ менга шахмат совға қилишди.
Аввалига, шахмат бўйича ўтказилган мактаб беллашувларида, кейинчалик, шаҳар, вилоят ва республика турнирларида иштирок этиб, зафарларга эришиб келмоқдаман. Дарслардан сўнг, ҳатто, синф раҳбаримиз Меҳригул Неъматова ҳам мен учун вақт ажратиб, орзуларимга таянч бўладилар. Шахмат бўйича тажрибали мураббий Максим Бозоровнинг сабоқлари эса ҳамиша менинг муваффақиятларимга қанот бўлиб келган.
Келажакда, албатта, Рустам Қосимжонов билан дона сураман. Ва мен ҳам у киши сингари мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган чинакам фарзанд бўлиб етишиш учун бор кучимни аямайман.
Машҳурбек ҲАЙИТОВ, Бухоро шаҳридаги 23-умумий ўрта таълим мактаби 1-синф ўқувчиси.