“ЧОР БАКР”: КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА

Сулолавий ёхуд оилавий мақбаралардан иборат Чор Бакр зиёратгоҳи некропол (марҳумлар шаҳри) деб ҳам аталиб, тарих фани учун бой илмий аҳамиятга эга. Бир неча асрларки, инсоният қалбини ўзининг маърифат ёғдуси ила чароғон этиб турган ана шундай зиёратгоҳ ансамблларидан бири  Чор Бакрнинг ўтмиши ва бугуни хусусида мулоҳаза юритамиз. 

             Чор Бакр – Бухоро шаҳридан 7 км узоқликда “Сумитон” қишлоғида жойлашган.

“Чор Бакр” атамаси, аслида, форс-тожик тилида “Чаҳор бакр” бўлиб, тўрт машҳур Абу Бакрлар – Абу Бакр Саъд, Абу Бакр Тархон, Абу Бакр Фазл ибн Жаъфар, Абу Бакр Ҳомидларни ифодалайди. Ўз даврида мамлакат ижтимоий-сиёсий  ҳаётида муҳим ўрин тутиб, халқнинг дардига дармон бўлган бу каби улуғ кароматпеша инсонларнинг Бухорога келиб, довруғ солгани барчани қизиқтириши, табиий.

Муаррих Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида “Жўйбор хўжалари” номи билан шуҳрат топган тўрт Бакрнинг Бухорога келишлари баён этилган. Унда келтирилишича, 899 йилда Али ибн Лайс Жайҳун (Амударё)дан ўтиб Бухорога Сомонийлар подшоси амир Исмоил олдига кўмак сўраб келади. Али  ибн Лайс билан бирга  эса тўрт буюк хожазодалар ҳам бу қуёшли юртга ташриф буюрадилар. Исмоил Сомоний юртига донишманд ҳамда улуғ мартаба эгалари ташрифидан мамнун бўлиб, уларни ҳозирги зиёратгоҳ ҳудудидаги сўлим боғда қарши олган. Шу билан Али Бакрлар муқаддас заминда қолиб, бу юртнинг илму маърифатини янада юксалтиришда ўзларининг бениҳоя ҳиссаларини қўшадилар. Улар шарофати ила Бухоро ҳукмдорлари доим порлоқ ғалабага эришганлар, муаммо ва можаролар ижобий бартараф этилган. Ҳар бир ҳукмдор уларнинг қимматли маслаҳатлари ва панд-насиҳатларига амал қилган.

Чор Бакрларга мамлакатнинг жанубий томонидан беҳисоб ҳосилдор боғ-роғлар, сув бўйидаги унумдор ерлар ҳадя этилган. Жуда катта майдонни эгаллаган ҳудудлардан тушган даромадлар фақат хайрли амалларга сарфланган.

Ҳаёти давомида фақат халққа беминнат хизмат кўрсатган кароматпеша шайхларларнинг иккитаси Абу Бакр Саъд ва Абу Бакр Фазл ўз васиятига биноан “Сумитон”да, Абу Бакр Ҳомид билан Абу Бакр Тархонлар эса Бухоро шаҳрининг ўзида дафн этилган. Бугунги кунда эса Бухоро шаҳрида Абу Бакрлар дафн этилган қабристон йўқ. Қадимда Тали Тархон  тепалиги ўрнашган бу жойда ҳозирда жамоат бинолари, ўқув муассасалари жойлашган. 2003 йилда шаҳардаги йўл ёқасида рамзий мақбара “Даҳмайи Беҳиштиён” (“Жаннатийлар даҳмаси”) бунёд этилди.

Чор Бакрлар авлодлари давр ва замон алмашинувлари натижасида юксакликка эришган. Айниқса, шайбонийлар сулоласи даврида Жўйборийлар рўёбга чиқиб, нуфузи ошиб борган. Жўйбор хожалари аслида Нақшбандия тариқати давомчилари бўлиб, мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Уларнинг энг катта раҳнамоси ҳисобланган Фахриддин Хожа Муҳаммад Ислом Жўйборий 1493 йил Бухоронинг “Жўйбори Берун” мавзесида бадавлат оилада таваллуд топади. Таъкидлаш жоизки, XVI асрнинг ўрталарида Жўйбор хўжаларининг ёрдами билан Абдуллахон II тахтга ўтиради ва Бухорони улуғ салтанатининг пойтахтига айлантиради.  Айни шу даврда хон ўз пири Хўжа Ислом Жўйборий учун олий иморатларни – мадраса, хонақоҳ, масжидларни бунёд этади. Жуда кўп қурувчи ва меъморларни сафарбар этади. Мазкур биноларни қуриш учун 70 минг бухорий қуйма соф олтини сарф этилади. Ўн йил давом этган қурилишлардан сўнг маҳобатли, улуғвор, узоқ-узоқлардан ҳам кўзга ташланадиган бинолар қад ростлайди. Хонақоҳ пештоқининг баландлиги 20 метр бўлиб, деворнинг қалинлиги 2 метрни ташкил этади. Ер остидаги пойдеворининг 12 метрдан иборатлиги уни метиндек мустаҳкамлигини таъминлаган. Ансамбл марказида жилоланиб турган нилий гумбазининг баландлиги 22 метр, айланаси эса 17 метр.

Умумий майдони 40 гектарни ташкил этувчи қадамжонинг даҳма ва хизиралардан иборат қабристон қисми 12 гектарни ташкил этади. Абу Бакр Саъд вафотидан олдин “Сумитон” қўйнидаги боғда дафн этилишини васият қилиб, “жаннатнинг етти эшиги бўлиб, еттинчиси ана шу ердан очилади”, дейди. Мажмуада йигирмадан ортиқ алоҳида-алоҳида хазиралар ва даҳмалар мавжуд. Уларнинг ҳар бири маълум шахс ва унинг авлодларига тегишлидир. Қабртошлардаги нақшинкор ҳикматли ёзувлар ва битиклар эса эътиборингизни  тортиб, сизни ҳикматлар бўстонига ошуфта этади.

Шаҳар ичидаги жавоҳир шаҳар сифатида шуҳрат топган Чор Бакр мажмуаси Собиқ Иттифоқ даврида халқимиз маънавиятидан ўчириб ташланди. Совет ҳукуматининг омборхонаси, пахта йиғиладиган пункти, агротехникалар турадиган ҳудудга айлантирилди. Неча-неча улуғ зотларнинг муборак хоки пойлари пой-мол қилиниб, ташландиқ аҳволга келтириб қўйилган эди.

Истиқлол туфайли бу қадамжо муборак зиёратгоҳга айлантирилди. Ҳукуматимиз раҳнамолиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўта хароб ҳолга келиб қолган мажмуани қайта ўз ҳолига келтириш бўйича хайрли иш бошланди. Чор Бакр обидаларига иккинчи умр бахш этилди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

1999 йилда “Сумитон”даги жавоҳир обидаларни ҳашар йўли билан тиклашга 11 минг 487 та корхона хайрихоҳ эканлигини билдирди.  Обидалар мажмуи 62 нуқтага бўлинди. 400 млн сўм, деб белгиланган таъмирлаш ишлари саховатпеша инсонлар кўмаги, ҳашар йўли билан амалга оширилди.

Савоб ишни ҳар кун қилиш керак, ҳар ким қилиш керак деганларидек, мажмуани келгуси авлодга етказиш учун унда янада ободонлаштириш мутахассислар иштирокида реконструкция ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

chor-bakr7

Айтиш жоизки, меъморий ёдгорликнинг қатор хазира ва даҳмалари борки, ҳозир ҳам ўта аянчли аҳволда. Тўғри,  Чор Бакр жуда катта ҳудуддаги тарихий объект. Аммо, таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Буюк тариқат ва ҳақиқат намоёндалари сифатида донг таратган, ҳикмат булоғидан барчани баҳраманд этиб, жаҳон афкор оммасининг ҳайратига сабаб бўлган Жўйбор хожалари мақбараларининг обод этилиши ва Чор Бакр ансамблининг янада хушмаъво гўшага  айланиши барчамизнинг бахтимиз!

 

Шавкат БОБОЖОНОВ,

“Бухоро ёшлари” жамоатчи мухбири.