Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Фуқаролик жамияти институтларининг жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида эълон қилинган давлат грантида “Бухоро ёшлари” газетаси томонидан “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” мавзуида қўлга киритилган грант лойиҳаси доирасида Бухоро Автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежида Таҳририят ҳамда Бухоро вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Ким эдигу ким бўлдик?” шиори остида “Юрт равнақида – биргаликда!” мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда 300 нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида Ўзбекистоннинг қарамлик йилларида бошидан кечирган оғир ва машаққатли дамлари, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қийматининг поймол этилган даври “Ким эдигу ким бўлдик” видеолавҳаси намойиш этилди. Шунингдек, истиқлол насимида қўлга киритган чинакам бахтли ҳаёт ва фаровон турмуш лавҳалари қатнашчиларнинг диққат – эътиборини тортиб, уларни мушоҳадага чорлади.
Шундан сўнг билимгоҳнинг “Ижтимоий фанлар” кафедраси тарих фани ўқитувчиси Саломат Рамазонова Ўзбекистон чорак аср давомида мислсиз янгиланишларга юз тутаётганлиги, тараққиётда илдам қадам ташлаётганини атрофлича баён этилди. БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган “Бутунжаҳон бахт индекси” (“World Happiness Index”)нинг янги рейтинги бўйича Ўзбекистон 158 мамлакат орасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзо мамлакатлар ичида эса биринчи ўринни эгаллагани, шкнингдек, АҚШдаги Геллап институтининг ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” деган мавзуда 2015 йилда ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, юртимиз дунёдаги 141 мамлакат орасида 2-ўринни эгаллагани тўғрисидаги маълумотлар тадбир иштирокларининг қизиқишига сабаб бўлди.
– Лойиҳа доирасида амалга оширилган ушбу тадбирда ўқувчи-ёшлар дунё ҳамжамияти олдида давлатимизнинг буюк тимсолга эга юрт эканлигини, 30 дан ортиқ миллат вакиллари яшайдиган биргина вилоятимизнинг ўзида қатор Маданий марказларнинг ҳамжиҳатликда фаолият юритаётгани тўғрисида тўлик тушунчаларга эга бўлишди. Бундан ташқари, ўқувчи-ёшларнинг тадбирда фаол иштирок этиб, жорий йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун барча ёшларнинг орзу-истакларини, хоҳиш-иродаларининг амалий ифодаси, ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилажагини баён этганлари уларнинг эртанги кунга дахлдорлик, юрт равнақига камарбаста бўлишга шай эканликларини исбот этди,-дейди коллеж ўқитувчиси Зилола Тўқсанова.
Тадбир сўнггида ёшлар сиёсати, бугун келажак эгаларига яратилган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқий асослари, мамлакатимиз Биринчи Президенти асарлари бўйича блиц савол-жавоблар ўтказилди. Амрилло Неъматов, Беҳруз Фузайлов, Исмоил Ибрагимов, Акбар Ҳамроев каби ўқувчи-ёшларнинг теран фикр-мулоҳазалари тенгдошларида илиқ таассурот қолдирди. Фаол қатнашганлар лойиҳа маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган китоблар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Шавкат Бобожонов,
лойиҳа тренери.