ТАРБИЯ ЎЧОҒИ – ОИЛА ҚУЧОҒИ

“Келажак бугундан бошланади. Ҳозирги тарбия масаласига эътибор берилмаса, келажак бой берилади. Тарбиядан ҳеч нарсани аямаймиз. Маънавий ва ахлоқий покланиш, иймон, инсоф, диёнат ва шу каби инсоний фазилатлар ўз-ўзидан келмайди. Ҳаммасининг замирида тарбия ётади”

Ислом Каримов.

Маънавият инсоннинг асосий воситасини ифодаловчи, унинг фаолиятига ижобий мазмун ва йўналиш берувчи руҳий омилдир. Фан ва техника тараққиёти жадал суратлар билан ривожланаётган ҳозирги даврда юксак маънавиятли ёшларни тарбиялаш жамиятимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.

Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидан илдам бораётган мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашда алоҳида эътибор берилмоқда. Оила тинч, фаровон ва мустаҳкам бўлсагина жамиятда барқарорлик вужудга келади.

Жамият ривожланиб, маънавий омилларнинг ижтимоий тараққиётдаги ўрни ва аҳамияти ортгани сари ёшлар ва уларнинг тарбиясига ҳам эътибор кучайиб бормоқда. Йигит-қизларнинг шахс сифатида шаклланишида, уларнинг маънавиятли бўлиб камол топишида, тарбияланишида, нафақат, ёшлар ташкилоти, балки оиланинг ўрни ҳам илк замин ҳисобланади. Шу боис, оила тарбиясининг жамият учун фойдаси ҳам, зарари ҳам катта. Турли оилавий муносабатларнинг ахлоқий, ҳуқуқий, маънавий мезонларини бир хилда ўлчаб бўлмайди.

-Оилалаларда тарбия муҳити ҳар хил. Кўпроқ оила эмас, кўча муҳитига мослашиб қолгани учун ҳаётга енгил-елпи қарайдиган ёшлар ҳам йўқ эмас. Баъзан улар ота-оналари билан маслаҳатлашмай, оила қуриб, бироздан кейин ёшгина боласи билан ажралишиб кетмоқдалар. Бунинг сабаби оилавий муносабатларга асос бўлган маънавий омилларнинг заифлигидир. Ота-оналарнинг ажралиб кетиши эса фарзандлар тарбиясини қийинлаштирмай қўймайди,-дейди Ҳаракатнинг Бухоро шаҳар Кенгаши раиси Фармон Асадов.

Шу ўринда кўча болаларига айланиб қолган, бозорларда ёхуд интернет-клубларда санғиб юрган болалар билан кечган суҳбатни келтирамиз.

-Исминг нима?

-Шавкат! Бирор юмушингиз борми, опа?-сўрайди дабдурустдан.

-Йўқ!

-…

-Ҳозир дарс вақти бўлса, бозорда нима қилиб юрибсан!

-Э-э, ўқитувчимга бувим бетоб, деб қочдим,-ёшига ярашиқсиз ишшайиб кулди бола,-ул-бул иш қилиб пул топаман-да!

-Сен иш қилмаяпсан, пул сўраб юрибсанку?!

-Фарқи нима!

-Ие, -деймиз таажжубланиб,-ҳозиргача қанча пул “ишладинг”?

-Ўн икки минг!-қўлида ғижимлаб олган пулларига қараб завқланади Шавкат.

-Уйинга пулни оборсанг, ота-онанг нима дейди? Пулни қаердан, қандай топганингни суриштирмайдими?

-Ота-онам ажралишиб кетган. Отам уйланган. Онам хорижда. Мен бувим билан яшайман!

-Кап-катта бола экансан, келажакда ким бўлмоқчисан?

-Бунча суриштирдингиз, нима терговчимисиз, кўп пул топувчи бўламан…

Носоғлом муҳитда униб, ёлғиз кекса бувисининг тарбиясида қолган ўсмирдан бошқа нимани ҳам кутиш мумкин. Унинг эртага кўп пул топиш учун жиноятга қўл урмаслигига, ёки ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслигига ким кафолат бера олади?!

Ота-оналарнинг фарзандлари тарбияси масаласига панжа ортидан қараётгани боис ҳам болаларда меҳнатсиз, енгил ҳаёт кечириш кайфияти шаклланмоқда. Бу каби ёшлар ўз маънавий камолини ўйлаши лозим бўлган бир пайтда тирикчилик баҳонасида шундай ишлар билан машғулдирлар. Бунга эса табиий ҳол, деб қараш маънавиятимизга катта зиён етказиши аниқ.

-Сизнингча, фақатгина оилавий муҳит таъсир қиладими, бола тарбиясига. Маҳалладаги ибратли оилаларданмиз. Маҳаллада ўз ўрнимиз, ҳурматимиз бор. Лекин бу бола тушмагур кўчадан алламбалоларни ўрганиб қайтди, озгина ғафлатда қолибмиз. Сақич чайнайди. Кўзини лўқ қилиб тикилади. Овқат еяётганда ҳам қулоғида қулоқчини билан калласини ғалати қимирлатиб ўтиради. Дастурхондан туришда фотиҳа қилишнику, умуман унутди. Пальто ол, деб пул берсам, калта куртка, тагидан бир қарич чиқиб турадиган узун футболка харид қилибди. Кейин билсам, кўчадаги тенгдошларига тақлид қилибди. Қисқаси, эркакчасига, оталарча гаплашиб қўйдим. Йўлдан қайтардик. Кийиниши, феъли яна яхши томонга ўзгарди,-дейди бир отахон куйиниб.

Ҳа, фарзандида қисқа муддатда пайдо бўлган салбий феъл-атворлардан ота-оналар ҳам хавотирда. Дарҳақиқат, бола тарбиясига кўча муҳитининг ҳам таъсири жуда катта. Ёшлар томонидан ҳуқуқбузарликлар, жиноий ҳаракатлар содир этилиши, кўнгилсиз ва бахтсиз ҳодисалар юз бериши ҳоллари, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва бошқа иллатларнинг кўпайиб бораётганлигини юқорида келтирилган жумлалардан ҳам билиш мумкин.  Демак, ёшларни бундай ғоялардан ҳимоялаш Ҳаракатнинг ҳам марказий муаммоси сифатида назарда тутилмоғи жоиз.

-Бухоро шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилган рейдлар натижасида вақтини интернет-клубларда мақсадсиз ўтказаётган, тарбияга муҳтож, ота-онаси ажралишиб, қаровсиз қолган вояга етмаган ёшлар, шунингдек, кўча таъсирида қолганлар рўйхатга олиниб, улар ўртасида маънавий тарбияни кучайтириш ва бевосита уларнинг оиласида ҳам маънавий муҳит ҳамда ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни ўрнатиш, улар қалби шуурида халқимиз тилида тарбия ўчоғи – оила қучоғи, деган нақлни бой меросимиз хазинаси сифатида сингдириш борасида ишлар амалга оширмоқдамиз,-дейди Фармон Асадов сўзида давом этиб,- бундан ташқари, бир нечта тарбияси оғир, кам таъминланган ва ВЕН назоратида турган болаларни соғломлаштириш масканларига, замонавий типдаги интернат мактабларга, турли касб ва ҳунарга йўналтирилган тўгаракларга жалб этилиши чора-тадбирларини мукаммаллаштириш борасида мақсадли дастурлар тузишни режалаштиряпмиз.

Маҳаллалар билан ҳамкорликда “Камолот” томонидан “Оилада маънавият тарбияси”, “Менинг оилам-менинг келажагим!”, “Фарзандим-бахтим”, “Отам, онам ва мен” мавзусидаги тадбирларнинг ўтказиб турилаётгани ёш оилаларнинг ажралиб кетиш ҳолларининг бирмунча камайиши, ёшларнинг турли йўлларга кириб кетмасликлари олдини олишга сабаб бўлса, эҳтимол.   Бу албатта, ёшлар ташкилотининг жамиятга берган маънавий мададидан дарак беради.

Хуллас, фарзандлар тарбияси, ёш оилаларнинг мустаҳкамлиги, жамият ривожи кўп жиҳатдан ёшлар ташкилотига ҳам боғлиқ, назаримизда. Демакки, Ҳаракат атрофида зукко йигитлар, оқила қизлар жипслашади. Айни чоғда маънан баркамол ёшлар сувдай, ҳаводай зарур. Зеро, эркин фуқаролик жамиятини фақат билимли, ўқувли, малакали инсонларгина бойита олади.

Лайло ҲАЙИТОВА.