Маълумки, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан жамиятнинг турли соҳаларига бағишланган мавзуларда давлат гранти танлови эълон қилинди. Жорий йилги танловда Бухоро вилоятининг иккита босма нашри: “Бухоронома” ҳамда “Бухоро ёшлари” газеталари ушбу грантнинг совриндорлари бўлишди.
“Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши муассислигидаги “Бухоро ёшлари” газетаси томонидан қўлга киритилган “Фуқаролик жамияти институтларининг жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган лойиҳаларини қўллаб – қувватлаш” мавзусидаги грант танловининг “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” лойиҳаси жамиятнинг кенг жабҳасини, айниқса, ёшлар оммасини қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.
Лойиҳа ўз ишини кенг жамоатчиликка тарғиб-ташвиқот қилиш, унинг мақсад-моҳияти тўғрисида батафсил тушунча бериш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Матбуот анжумани ўтказиш билан бошлади.
Матбуот анжуманида лойиҳа тренерлари дастурдан 30 дан ортиқ давра суҳбатлари, семинар-тренинг, мулоқотлар, социологик сўровлар ва бир-биридан қизиқарли танловлар ўрин олганлигини билдиришди. Лойиҳа ўз фаолиятини “Ҳуқуқий саводхонлик – юксак маданият белгиси” мавзусидаги семинар-тренинг, мастер-класслар, “Ёш спикер” кўрик-танлови, “Ўзбекистон келажагига масъулман!” энг яхши таклифлар ҳамда “Келажак механизми” социологик сўровлар орқали давом эттиради.
Матбуот анжуманида “Бухоронома” ҳамда “Бухарский вестник” газеталари бош муҳаррири Зариф Комилов, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Гулнора Самиева, “Галаосиё овози” газетаси бош муҳаррири Бахшулла Ражабовлар фикр билдиришиб, грант лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳар томонлама пухта ўйланганлиги, у ёшларнинг бугуни ва эртаси учун муносиб ўрин эгаллашини таъкидлашди ҳамда лойиҳанинг ижодий гуруҳи фаолиятига омад тилашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида тайёрланди.