Кўча-кўйда юрганингизда кўзингиз беихтиёр “ташқи реклама маҳсулотлари” бўлган плакат, баннер ҳамда афишаларга тушади. Улардаги суратлар, ранглар мутаносиблиги, бетакрор иллюстрациялардан фойдаланилганлиги инсонни ўзига жалб этмай қўймайди. Аммо, таъбни хира қиладиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Анчадан буён ўзимизни қийнаб келаётган, эътибордан четда қолиб кетаётган ана шундай ташқи рекламалардаги ҳолатларни мисолларда таҳлил қилсак.
Ишга, ўқишга, ёки бирор юмуш билан автоуловга чиққанда вилоят кўп тармоқли Болалар шифохонаси чорраҳасида “Ватан ҳисси, Ватан туйғуси барча нарсадан қадирлироқдир” дея ёзилган шиорга ҳар биримизнинг кўзимиз тушиши эҳтимолдан холи эмас. Ватанпарварлик ғояси билан суғорилган бу ашъор ҳар бир қалбда юртга меҳр-муҳаббат туйғуларини жо этишига, шубҳа йўқ. Лекин матндаги “қадр” сўзининг “қадир” деб қайд этилгани ёшларга қандай таъсир қилиши мумкин?
Марказий кўчаларнинг деярли, барча манзилларида ўрнатилган афишаларда бир хил даъват: “Тезликни оширма, сени ойланг кутяпти!” деган матнни ўқибоқ таъбингиз хира тортади. Ахир муқаддас қўрғон саналган оиланинг ёзилиши барчага аёнку! Наҳотки, буни тайёрлаган мутассади ташкилот мазкур сўзнинг ёзилишидан бехабар бўлса?!
Юқоридаги ҳолатларнинг фақат йўлда эмас, балки давлат ташкилотлари, корхона ва муассасаларнинг эълон пештахталарида ҳам учраётгани жиддий эътибор талаб қилади.
Шаҳар 2-сон Стоматология клиникаси биноси ички ва ташқи ахборотлар тахтасидаги ҳам шундай ҳолатлар мавжуд. Хамшира (аслида, ҳамшира), мутахасислик (аслида, мутахассислик), проофилактика (аслида, профилактика), хўхалик мудири (аслида, хўжалик мудири). Рўйхатни яна давом эттиришимиз мумкин. Аммо, бу ҳолат ташкилот маъмурияти ҳамда масъул раҳбарларини қизиқтирармикин?!
Энди эътиборингизни шаҳар йўналишли маршрутларида ҳаракатланадиган кўплаб транспорт воситаларининг пештоқига илиб қўйилган таблоларга қаратсак. Ўқингу, ўзингиз хулоса чиқаринг: Махоса (аслида, Мохи-Хосса), Критий бозор (аслида, Ёпиқ бозор), Каравон бозор (аслида, Карвон бозори) Самаркандский (аслида, Самарқанд дарвозаси), Запчаст бозор (Эҳтиёт қисмлари бозори), Баҳоваддин (аслида, Баҳоуддин) ва ҳоказо. Уларни ўқиганингиз сари “тепа сочингиз тикка” бўлаверади.
Юқоридаги ҳолатлар тезда бартараф этилмаса, маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Мазкур кўр-кўроналикларнинг олдини олиш мақсадида тегишли мутассади ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик назоратни кучайтириши зарур.
Шаҳримиз кўчаларини безаб турувчи афишалардаги ёзувларнинг тўғрилиги, нафақат, шаҳримиз обрў-эътиборини белгилайди, балки ёшларимизнинг дунёқараши, фикрлаши ҳамда нутқ маданиятида ўзининг таъсирини ўтказмасдан қўймайди. Шундай экан, ҳар биримиз бу каби иллатларнинг олдини олиш учун масъул эканлигимизни унутмайлик.
Ш.Бобожонов.