Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги ПҚ-2124-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги дастури ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда мустақил фикрлайдиган ёшарни тарбиялаш, уларда мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бриш қобилиятларини ривожлантириш мақсадида “Камолот” ЁИҲ таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар қошида “Мунозара” клублари фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан “Камолот” ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказининг жорий йил 10 майидаги 28-сонли қарори умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалардаги ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларда мустақил фикр билдириш, баҳс-мунозарага кириша олиш кўникмаларини қарор топтиришда муҳим омил бўлаётир.
“Мунозара” клуби ёшларнинг фикрлаши, дунёқараши, уларнинг бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар тўғрисидаги билимларини бойитибгина қолмай, уларнинг ташаббускорлик, ташкилотчилик, нотиқлик, лидерлик сифатларини ҳам оширмоқда. Бугун “Мунозара” минг-минглаб ёшларни ўз атрофига қамраб олаётганини қувонч билан айтиш мумкин.
Айни кунларда “Мунозара” клублари жамоалари ўртасида ташкил этилган Республика турнири Бухоро вилоятида бўлиб ўтмоқда.
“Мунозара”чилар муқаддас заминга чинакам ишонч ва самимият билан ташриф буюришар экан, турнир муваффақиятларга бйо бўлишига умид билдиришди.
- Бухоройи шарифда бизни кўтаринки кайфиятда кутиб олишганининг ўзи барчамизга жуда катта куч ва жўшқинлик бағишлади. Мунозара – баҳслар майдони бўлса-да, ўзгалар фикрига ҳурмат билан қарашни ўргатар экан, ўйлаймизки, биз, ўз апонент жамоамиз билан чинакам дўстона муносабат ўрната оламиз,-дейди сирдарёлик Раҳимжон Акрамов.
Дарҳақиқат, Республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 48 нафар билимли ва зукко ёшлар замонавий ҳаётга оид энг долзарб масалалар устида баҳс олиб боришга шай. 16 жамоа 8 жуфтликда турли мавзуларда баҳс-мунозаралар олиб боришади. “Кинофильмлардан кўра спектакллар фойдали”, “Миллийлик – замонавийликдан афзал”, “Инсон камолотида ижтимоий муҳитнинг ўрни” мавзулари шулар жумласидандир. Қуръа ташлаш йўли орқали аниқланган Самарқанд – Қашқадарё, Навоий – Сурхондарё, Сирдарё – Наманган, Тошкент вилояти – Фарғона, Бухоро – Тошкент шаҳри, Андижон – Тошкент вилояти, Хоразм – Қорақалпоғистон, Жиззах – Бухоро жуфтлигидаги жамоалар баҳслари “Тасдиқ” ҳамда “Инкор” позицияси остида кечади.
Айтиш жоизки, Саралаш, Чорак финал, Ярим финал ҳамда финал босқичларда нотиқлик маҳорати, танқидий-таҳлилий фикрлаши, кенг дунёқараши билан устун жамолар турнир ғолибига айланишиб, қимматбаҳо совринларга эга бўлишади.
- Биз, мунозара иштирокчилари, беллашувдан олдин берилган мавзу бўйича тайёргарлик кўрар эканмиз, ўзимизнинг заиф томонларимизни камайтириш мақсадида жамоа устида такрор-такрор ишлаяпмиз. Мулоқот давомида ҳар бир мавзуни далил ва тегишли мисоллар билан баён этишга интиламиз,-дейди турнир иштирокчиси, Бухоро Солиқ коллежи ўқувчиси Назира Олимова.
Бухоро нефть ва газ касб-ҳунар коллежида қизғин мунозаралар билан давом этаётган ушбу турнир ҳақидаги батафсил маълумотлар билан газетамизнинг келгуси сонида танишасиз. Мунозаралар долзарб масалалар борасида қизғин кечмоқда. Барча иштирокчи жамоаларга омад тилаб қоламиз.
Лайло ҲАЙИТОВА