Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси 2016 йилда ННТлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида эълон қилинган учинчи ва тўртинчи танловларга якун ясади.
Фуқаролик жамияти институтлари, матбуот нашрлари, радио ва телевидение каналларининг аҳоли, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, маънавиятини юксалтириш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, тиббий маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, болалар спортига оид юздан зиёд лойиҳалари нуфузли ҳайъат томонидан кўриб чиқилиб, ғолиблар аниқланди. Ғолиблар орасида вилоятимиз нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг борлиги ғоят қувончлидир.
Давлат гранти 3-танлови якуни натижаларига кўра, вилоятимиздаги “Истиқлол-ТВ” телевидениесига “Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш” лойиҳаси учун 25.000.000 сўм маблағ ажратилади.
Давлат гранти 4-танлови якуни натижаларига кўра, вилоятимиздан 2 та нодавлат ташкилоти ва 2 та газета таҳририяти ғолиб, деб топилди. “Тараққиёт” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Бухоронома” ва “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши муассислигидаги “Бухоро ёшлари” газеталари таҳририятлари, Қизил Ярим ой жамияти Қоровулбозор туман бўлинмаси томонидан танловга тақдим этилиб, грантга сазовор бўлган лойиҳалар жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига бағишланган.
“Бухоро ёшлари” газетаси ижодий ходимлари томонидан тайёрланган “Фуқаролик жамияти институтларининг жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган лойиҳаларини қўллаб – қувватлаш” мавзусида эълон қилинган грант танловига “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик!” номли лойиҳа доирасида 9 ой мобайнида турли тадбирлар амалга оширилади. Мазкур тадбирлар учун 25.000.000 сўм маблағ ажратилди.
Таҳририятимиз давлат грантлари танлови ғолибларини муборакбод этар экан, уларга лойиҳаларни амалга оширишда муваффақиятлар тилайди.