ВАТАН ХИЗМАТИГА ШАЙМИЗ ҲАР НАФАС

Мен тенгдошларим сингари дориломон замонда ва саодатли заминда яшаётганимдан бахтиёрман. Ватаним тақдири ҳал этилган ўша унутилмас, тархи зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилган 1991 йил барчамиз учун муқаддас ва олтинга тенг санадир. Ака-опаларим менга, сен мустақил юрт фарзандисан, дея ҳавас билан боқишади. Шунда қалбимда янада Ватанимга чексиз муҳаббат ҳиссини туяман.

Жорий йилда Бухоро муҳандислик-технология институтини тамомладим. Ўзим танлаган инженер-технолог касбини яхши кўраман. Етук мутахассис, моҳир соҳа ходими бўлиш ёшликдаги орзуим. Ва шу соҳада муносиб иш ўрнига ҳам эга бўлдим.

Биз, ёшларнинг истеъдодни рўёбга чиқариш, интеллектуал билим ва салоҳиятимизни янада ошириш йўлида ўтказилган бир қатор нуфузли танловларда муносиб ўринларни эгаллаб келдим. “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар кўрик-танловининг республика босқичида муносиб ўринни эгалладим. Ёшлар ташкилоти томонидан ўтказилган кўплаб бетакрор тадбирлару фестивалларда иштирок этиб, фаоллик кўрсатдим. Технологик лойиҳаларимнинг жамият равнақи йўлида татбиқ этилаётгани мен учун шараф. Ҳаракатларим ёшлар ташкилоти томонидан муносиб рағбатлантириб келинди. Бир сўз билан айтганда, “Камолот”да камол топдим, ҳар нафасда Ватан хизматига шай туришни шундан ўргандим.

Илм-фан соҳасида, ижтимоий-сиёсий мавзуларда матбуот нашрларида ўз мақолаларим, таклифларим билан тез-тез қатнашиб тураман. Эркин фикр, бахтиёр талабалик, осойишта ҳаёт тарзини инъом этган истиқлолимизга асло кўз тегмасин!

Нуронийлари иззатда, ёшлари ғамхўрлик оғушида яшаётган юртнинг фарзанди эканлигимдан ғурурланаман.

Файзулла НАРЗУЛЛАЕВ