Ўзбекистоним… меҳринг тафти қуёшга тенг. Халқинг дастурхони тўкин, мусаффо осмонинг бағрида тинчлик кабутарлари эркин парвоз этмоқда. Баркамол, навқирон авлодингга бугун бутун дунё ҳавас билан қарайди. Ҳар соҳада илғор, топқир фарзандларинг қалбида Ватан туйғуси жўш уриб турибди.
Жаннатмакон юртим! Бу йил эрк байроғини кўтарганингга 25 йил тўлдию ўтган чорак аср мобайнида одил сарбонинг меҳмондўст халқингни бир эзгу мақсад, буюк келажак йўлида бирлаштирди. Аждодлар ўгити билан фарзандлар ўзлигини таниди. Бугун бағрингда сермазмун ҳаёт кечираётган ҳар бир инсон хизматинг учун шай, улар учун қадринг баланд, келажагинг порлоқ.
Ватаним, мен учун ягона ва муқаддассан! 25 йиллик тўйинг қутлуғ бўлсин! Сенга қалбим вулқонидан отилиб чиқаётган жўшқин, жажжи юрагим тубидаги энг буғубор, пок тилакларимни дил изҳори сифатида йўллайман. Ўзбекистоним бепоён далаларинг, виқорли тоғларингга, тинчлигингга ва навқирон авлодингга кўз тегмасин. Ҳар бир фарзандингга авлиё боболари, буюк аждодлар руҳи мададкор бўлсин. Азиз тупроғингга нопок кимсалар қадами етмасин. Бағрингда кечаётган ҳаёт ҳамиша осуда, сарҳадларинг тинч, қўрғонинг осуда бўлсин.
Ватаним! Ҳар гал шу сўзни такрорлаганимда ортимда чексиз қудрат, таянч борлигини сезаман. Энг аввал қалбимда меҳр-муҳаббат туйғуси жўш уради, дилимда виқор, руҳимда салобат, келажагимда ишонч ҳиссини туяман. Мана шу ишонч мени буюк мақсад – юрт корига ярашдек олий мақсадни ўз олдимга қўяди.
Ҳар гал дунё харитасига тикилар эканман, қалбимда ғурур-ифтихор туйғулари жўш уради. Ўзбекистон ўтган 25 йил моайнида истиқлол шарофати ила дунё харитасидан алоҳида ёрқин ранг билан жой олди. Ўз давлат рамзлари, мадҳиясига эга бўлди. Бугун юртимиз дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистон Ўрта Осиё гавҳари, деб тан олинди.
Ҳар тонг уйғонганимда осмони мусаффо Ватанимнинг ҳаётбахш ҳавосидан нафас олиб, бахтиёр ёшлигимнинг сермазмун ўтаётганига, ўзбек халқининг озод фарзанди бўлиб туғилганимга шукур қиламан. Шу диёрнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш учун бор куч-ғайратимни аямайман.
Мустақил юртнинг эрка фарзанди бўлиб, ўз юртингда яшаш қандай бахт. Мен шундай бахтга муяссар эканлигимдан фахрланаман!
Нафосат ДАВЛАТОВА