ҒУРУРИМСАН, ШОНЛИ МИЛЛИЙ АРМИЯМ!

Бугунги мустақил Ўзбекистон ёшлари Ватанга муҳаббат, асрий анъаналаримизга садоқат, миллий истиқлол ғоялари руҳида камол топмоқда.

Биз ёшлар она Ватанга хизмат қилишни, унинг тинчлиги ва осойишталигини сақлашни муқаддас бурчимиз, деб биламиз. Биз мустақилликка эришиб ўзимизни, ўзлигимизни аниқлаш йўлида қадам қўйдик. Биз учун энг буюк, энг азиз қадрият бўлмиш истиқлолимизнинг ҳар бир санаси янги тарихимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, озод ва фаровон ҳаётимиз, ғурури-ифтихоримиз тимсоли сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Ватан, деганда биз фақат юртимиз тупроғини эмас, балки унинг заминида бўй кўрсатган гиёҳдан тортиб, дарё-ю сойлари, тоғ-у тошларигача, ўзимиз туғилиб ўсган макон билан боғлиқ нарсаларнинг барчасини тушунамиз. Ватан озод ва мустақил бўлса, бағри жаннатдек  файзли, инсонлари бахтли бўлади. Шунинг учун Ватаннинг озодлиги ва мустақиллиги ҳар бир фарзанди учун жон каби азиз ва муқадасдир. “Дунёда неки азиз бўлса, унга ҳимоя зарур”, деб ёзган эди шоир. Ҳар қайси даврда ҳам инсон учун азиз бўлган она Ватанни асраш, ҳимоя қилиш шу юрт ўғлонларининг шарафли бурчи бўлиб келган. Спитамен, Широқ, Маҳмуд Торобий, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Амир Темур каби аждодларимизнинг Ватан озодлиги ва ҳимояси йўлида кўрсатган жасоратларига тарих гувоҳ. Ҳозирги вақтда ҳам она юртимизнинг энг сара, кучли ва жисмонан бақувват ўғлонлари миллий армиямиз сафларида хизмат қилмоқда.

Миллий армиямиз ёшларни тоблайдиган ҳаёт мактабидир. Улар кечаю кундуз сарҳадларимизда сергак ва ҳушёр туришиб, халқ осойишталиги, юрт тинчлигини сақлаб келишмоқда. Она юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, халқимизнинг осуда ва фаровон турмуш кечиришини таъминлаш-муқаддас ишдир, шунинг баробарида ўта масъулиятли вазифа. Халқ ҳикматларида “Мардлар қўриқлайди Ватанни”, деб бежиз айтилмаган. Умрини Ватанни ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган ҳарбийларимизнинг машаққатли ва масъулиятли фаолияти ҳар қандай шарафга муносибдир. Миллий армиямиз сафларидаги мард ҳамда жасур ўғлонларнинг кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечган ҳолда юртимизни қўриқлаб келаётганини кўриб, тинчлигимиз ва хавфсизлигимиз ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўламиз. Уларнинг мардонавор хизматлари сабаб мустақил юртимиз осмони мусаффо, ҳаётимиз тинч ва фаровондир.

Бобур МУСТАФОЕВ,

Бухоро Солиқ коллежи ўқувчиси.