ЮРАГИНГДА ТЕНГСИЗ ВАТАН ЯРАЛСИН..!

Улкан асори атиқалари, меъморий обидалари ила оламни ўзига маҳлиё айлаган, дунё сайқали номини олган Самарқанд, мангу яшил шаҳар Шаҳрисабз, қуёш ўлкаси Хоразм, тарих кўзгуси Термиз, қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро, латиф Қўқон, ўзига хос ўтмишга эга Қарши  каби гўшалари ЮНЕСКО тарафидан инсониятнинг қадимий шаҳарлари сифатида эътироф этилиб энг мўътабар ёдгорликлар сирасига, яъни жаҳон  мероси рўйхатига киритилганининг ўзи шу юртга эҳтиром нишонаси эмасми? Алпомишлар юрти Сурхон, гўзал водийда уч оғайни ботирлардай – Андижон, Фарғона, Наманган; Қорақалпоғистон, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва азим Тошкент муҳташам каср – Ўзбекистонинг улуғвор устунларидир. Уч минг йиллик давлатчилик тарихида ўзаро низо ва зиддият, не-не қайғули босқинлару қирғинбаротларни кўрган мушфиқ тарихимиз. Аҳамонийлар, юнон-македон, араб, мўғул босқинчилиги, Чор истилоси… Салкам етмиш йил ҳукмронлик қилган – Шўро салтанатининг миллатимизга етказган моддий ва маънавий зарарини ҳеч бир ўлчамлар билан баҳолаб бўлмайди.DSC_6728

Ўтган икки минг йил ичида энг даҳшатли босқинлар, араблар, мўғуллар ҳужуми туфайли юртимизнинг кули неча марталаб кўкка совурилди. Улар гўдаклар ва кексаларни ўлдирдилар, навқирон йигит-қизлар, эркак ва аёлларни қул қилиб ўз юртларига олиб кетдилар, бегона юртлар бозорларида сотиб юбордилар. Она-заминимизнинг ҳар қарич ери эмас, балки ҳар бир зарраси аждодларимизнинг бегуноҳ қони, мазлумларнинг кўз ёшлари билан суғорилган, десак муболаға бўлмайди. Агар қалб кўзи билан қарасак, бу зарраларда Ватаннинг яхлит суврати намоён бўлиши, шубҳасиз. Демак, муқаддас тупроқ, она Ватан, деган тушунчаларнинг маъно-моҳияти ана шунда!

Душман биздан юртимизни тортиб олди, мол ва давлатимизга эгалик қилди, аммо халқимизнинг ор-номуси, виждонини, эътиқодини поймол қилишга, туйғуларини топташга ожизлик қилди. Зеро, дунёга Форобий, Беруний, Замахшарий, Ибн Сино сингари юзлаб даҳоларни берган, Широқ, Спитамен, Муқанна, Торобий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби қаҳрамонларга доялик қилган, жаҳоннинг сайқали бўлмиш Шош, Самарқанд, Бухоро, Хивадай мунаққаш шаҳарларни бунёд этган халқни руҳан қул қилиш, тутқунлик ва аросатда сақлаш асло мумкин эмас. Буни “Куч—адолатдадир!” деган муқаддас шиор билан жаҳон саҳнасига отилиб чиққан ва фавқулодда бу юк жасорат билан тарихий адолатни қарор топтирган Соҳибқирон Амир Темур ўз ҳаёти мисолида кўрсатиб берди.

1917 йилдан 1991 йилга қадар сиёсий-иқтисодий жиҳатдан ҳокимлик қила бошлаган коммунистик – зулмга асосланган тузумларнинг мақсад ва моҳияти юртимизнинг ер ости, ер усти бойликларини талон-торож қилиш, халқни аросатда сақлаб, мингйиллик маданияти, тарихи, тили, эътиқодидан жудо қилиб, миллат сифатида тугатишдан иборат эди. Бироқ, юртимизнинг ҳар бир гўшасида миллатимизнинг мард фарзандлари: Дукчи Эшон, Намозботир, Алимқул сингари ватанпарварлар,  Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Фитрат каби юзлаб маърифат ва маънавият намояндалари ҳақиқат ва адолат истаб майдонга чиқдилар. Улар қатағон қилинди, миллий қадриятларимиз: мингйиллик урф-одат, расм-русум, маросим ва анъаналар, эътиқод эркинлиги таъқиқланди, таҳқирланди, ҳар томонлама қарам бўлган иқтисодий ночор ҳудудга айлантирилди.

Бугун эса шукурким, улуғ ва муқаддас Мустақиллик неъматидан баҳрамандмиз. Ҳар соҳада илдамлаш, ҳар гўшада юксалиш, тараққиёт, бунёдкорлик нашидаси кезади. Илму маърифат масканлари дунё ёшлари ҳавас қилгули даражада. Юртбошимиз ташаббуси ва раҳбарлигида янги-янги олийгоҳлар, таълим соҳасида миллий моделимиз асосидаги коллежлар ва лицейларга асос солинди. Ислом университети ташкил этилди. Тошкент илк марта Ислом маданияти маркази, деган олий шон-унвонга сазовор бўлди.

Бугун Мустақиллик тенгдошлари жаҳоннинг энг машҳур университетларида жаҳоний билимларни эгаллаб қайтмоқдалар. Ёшлар ўнлаб хорижий тилларда ўз она тилимиздагидек равон гапириб, ўқимоқдалар.

Муҳтарам Президентимиз ҳам ёшларнинг билимли, доно ва соғлом бўлишимиз учун ҳамиша барча хайрли ишларнинг бошида турибдилар.

Юртбошимизнинг: “…Келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаб етиштиришга интилиш бизнинг миллий хусусиятимиздир”,- деган сўзлари замирида катта маъно мужассам. Чунки, соғлом киши илму маърифатга, бунёдкорликка интилади, юртга, жамиятга фойда келтиради.

Илм ва маърифат бор жойда жаҳолатга, бидъат ва ақидапарастлик, мутаассибликка ўрин қолмайди. Миллат равнақи, Ватан тараққиёти, озодлиги ва ободлиги охир-оқибат илмга, юксак маънавият ва маърифатга бориб тақалади. Чорак аср муқаддам мамлакатни озодликка олиб чиққан, Ватан Мустақиллигини ўз ҳаётининг мазмун ва моҳияти, бош мақсади, деб билган Юртбошимизнинг: “Биз учун мустақиллик, энг аввало, ўз тақдиримизни қўлга олиш, ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни, урф-одатларимизни тиклаш, ҳаммамиз учун мўътабар шу заминда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталикни, барқарорликни сақлашдир”,-деган сўзлари ёшлар олдига улуғ мақсад ва вазифалар қўяди. Бунга истиқлол берган имкониятлардан баҳраманд бўлаётган, юрагида тенгсиз Ватан яралаётган ёшлар ҳамиша масъул. Бу масъулият илм-фан сирларини чуқур ўрганиш, аждодларимизга хос ватанпарварлик тамойилларига қатъий амал қилиш, элу юртга беминнат хизмат қилишни тақозо этади. Ватан ва халқ талабига муносиб жавобимиз ҳам шудир!

Баҳром СОЛИЕВ,

журналист.