ЮТУҚЛАР КЎП. МАҚСАД: МУАММОЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ   

 VII-конференциялар

Ҳаракатнинг Бухоро вилояти Кенгаши бугунги кунда вилоят миқёсида йирик ташкилот сифатида шаклланиб, ўз атрофига  мингга яқин ёшларни бирлаштирган. Ҳаракатнинг 11 та туман ва 2 та шаҳар Кенгашларида 1076 та бошланғич ташкилот мавжуд. Шундан олий ва ўрта махсус таълим соҳасида 93 та, умумий ўрта таълим мактабларида 536 та, бошқа йўналишларда, яъни корхона-ташкилотларда  447 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатмоқда.         Пухта тайёргарлик – Конференция асоси

Турли йилларда ўтказилган конференциялар тажрибаси шуни кўрсатадики, раисликка номзодларнинг ўзини тутиш ва бошқариш, масъуллик маданияти муаммоси долзарблигича қолар эди. Галдаги конференциялар эса шунчаки тадбир кўринишида эмас, балки ғоявий ва амалий мақсадларни рўёбга чиқариш учун улкан босқич бўлди. Айниқса, вилоят Кенгаши томонидан конференцияолди дастурлар ишлаб чиқилгани туман, шаҳар Кенгашлари ҳисобот-сайлов конференцияларининг  муносиб ўтишини таъминлади.

Ҳаракатнинг туман, шаҳар Кенгашларида фаолият давомида кенг кўламли ишлар амалга оширилган бўлса-да, ечимини кутаётган

муаммолар ҳам йўқ эмас…

конф1

Шу муносабат билан конференцияларда ўтган икки ярим йил давомида эришилган ютуқ ва муваффақиятлар қатори камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Ишсиз ва иш билан банд бўлмаган ёшлар учун турли кўринишдаги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, спорт ва санъат соҳаларини ривожлантиришга янада эътибор қаратиш, шунингдек, ёшларни огоҳликка ва ҳушёрликка чорловчи маънавий-маърифий тадбирларнинг юқори савияда ўтишини таъминлаш каби қатор масалалар ўртага ташланди.

                     -Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциялари ўтган йилгилардан фарқли ўлароқ, юқори савияда ташкиллаштирилди. Мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда Васийлик Кенгашлари жалб этилди. Конференция иштирокчиларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб беришди. Диққатга сазовор жиҳати, ёшлар олдида турган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғридан-тўғри конференциялар жараёнида белгилаб олинди,-дейди Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Нодир Солиҳов.

конф4

Албатта, ёшлар тақдири ва эртаси учун қайғуриш, нафақат, ёшлар ташкилотларининг, балки Васийлик Кенгашларининг ҳам муҳим вазифасидир.  Конференциялар жараёнида ёшлар муаммоларини ечишда Васийлик Кенгашлари “Камолот”га энг яқин кўмакчи эканлиги, шунингдек, Ҳаракат қошида ташкил этилган ёшлар ижтимоий хизматлари марказлари фаолиятини ёшлар талаби ва таклифига мос хизмат турлари билан  мустаҳкамлаш зарурлиги бугунги кун талаби эканлиги қатъий таъкидланди.

ЁИХМ: фаолият турлари ёшлар талаби сари

Маълумки, 2006 йилдан буён Ҳаракатнинг бир нечта шаҳар ва туман Кенгашлари қошида Ёшлар ижтимоий хизматлари маркази ташкил этилиб, улар ўз фаолият турларини йилдан-йилга ошириб келмоқда. Шунга қарамасдан, вақт ёшлар талаби ва эҳтиёжининг ЁИХМда мавжуд тўгараклардан юқори эканлигини кўрсатди. Ёшлар ижтимоий хизматлари марказларининг моддий-техник базаси ҳам анча эскириб қолгани муносабати билан тўгараклар ёшларни қизиқтирадиган бошқа фаолият йўналишлари билан тубдан ўзгартирилиши лозимлиги билдирилди.

конф2

Конференцияларнинг кун тартибига қўйилган Ҳаракат Кенгашларининг ўтган даврдаги умумий фаолияти бўйича ҳисоботи тингланди. Шунингдек, амалга оширилган ишлар, янги лойиҳалар, келажакда эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар, илгари сурилган мақсадлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Маърузалар бўйича музокараларга чиққан делегатлар ёшлар ташкилотининг босиб ўтган йўлига ўз фикрларини билидиришар экан, айниқса, тарбияси оғир, қайта тарбиялаш колонияларидаги болалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш лозимлиги борасидаам тўхталишди.

      Очиқ овоз – ишонч! Ишонч – масъулият!

Ҳаракатнинг навбатдаги VII-конференциясида делегатлар ва ҳамкор ташкилотлар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Барча туман, шаҳар Кенгашининг босиб ўтган 2,5 йиллик иш фаолиятига қониқарли, деб баҳо берилди  ва қатор Кенгаш раислари очиқ овоз бериш йўли билан қайта сайланишди. Ёшлар билан ишлаш тажрибасига эга, ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида ёшлар қалбидан муносиб ўрин олган Ҳаракатнинг айрим туман  ва шаҳар Кенгаши раисларининг бошқа лавозимга ишга ўтганлиги муносабати билан янги номзодлар тавсия этилди. Ҳаракатнинг Ромитан туман Кенгашига Тўлқин Барноев, Олот туман Кенгашига Алишер Мавлонов, Шофиркон туман Кенгашига Улуғбек Гадоев, Когон шаҳар Кенгашига Фарҳод Бердиев, Бухоро шаҳар Кенгашига Фармон Асадовлар номзоди кўрсатилди. Номзодлар Ҳаракатнинг туман, шаҳар Кенгашлари раиси этиб сайланишди.

VII-конференциялари давомида олдинга қўйилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, ютуқлар қаторида йўл қўйилган хато ва камчиликларга танқидий баҳо берилгани, албатта, навбатдаги вазифаларни белгилаш, уларни такомиллаштириш йўлида хизмат қилади. Ва ўз ўрнида, ёшлар ташкилоти фаолларини Ҳаракат самарадорлигини  оширишга даъват этади.

Лайло ҲАЙИТОВА