ОБОД ЮРТНИНГ БАРКАМОЛ ЁШЛАРИ

“Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси, шунингдек, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси “Маънавият сарчашмаси” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида “Соғлом муҳит-инсон саломатлиги” мавзусида “Обод юртнинг баркамол ёшларимиз!” шиори остида умумий ўрта таълим мактаби, академик лицей ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқувчилари ўртасида кўрик-танлов ташкил этилди.

Кўрик-танловнинг “Энг яхши шеър” номинацияси бўйича иштирок этган ўқувчи-ёшлар она табиатнинг фусункор жамоли, юртимизнинг бетакрор, гўзал борлиғини мадҳ этувчи шеърларини тақдим этишди. Ўз ижод намуналаридан ўқиб беришиб, она табиатга бўлган меҳр-муҳаббатларини намоён этишди. Бунда ғиждувонлик Гуласал Ахтамова биринчи, шофирконлик Моҳинур Ҳамроева иккинчи ҳамда Бухоро туманилик Абдулазиз Исомов учинчи ўринни қўлга киритди. “Энг яхши қўшиқ” номинациясида жонли ижродаги маҳоратини намоён этган ёшлар тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Бунда биринчи ўрин Бухоро шаҳридан иштирок этган Жобир Юнусовга насиб этган бўлса, қоровулбозорлик Оқсулув Шаҳарова ҳамда Ражаб Самадовлар иккинчи ўринга муносиб топилди. Вобкентлик Шаҳзод Нормуродов учинчи ўринга сазовор бўлди. Танлов жараёнида ер ва сув ресурслари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ўзига хослигини чизган суратларида акс эттирган, шунингдек, табиат ҳақидаги ўз тасаввурларини мўйқалам орқали тасвирлаб берган ёш ҳаваскор рассомлар “Энг гўзал ранглар жилоси” номинацияси бўйича ўзаро беллашишди. Когон шаҳрилик Муштарий Жўрақулованинг ижод маҳсули ҳакамлар томонидан биринчи ўрин билан баҳоланган бўлса, иккинчи ўрин вобкентлик Беҳруз Идиевга насиб этди. Бухоро тумани иштирокчиси Ўғилой Жамолова фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

* Ёшлар ўртасида она табиатни севиш ва ардоқлашга, уни ҳимоя қилишга чорловчи бундай кўрик-танловларни тез-тез ўтказиш атроф-муҳитни муҳофазалаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янада кучайтиради. Нафақат, ёшлар, балки ҳар бир фуқаро атроф-муҳит муҳофазаси қонун ҳимоясида, шунингдек, уни асраб-авайлаш ҳар бир кишининг муҳим вазифаси эканлигини англаб етишига туртки бўлади,-дейди Экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмаси координатори Жаҳонгир Шарипов.

Зулфизар МАВЛОНОВА,

“БЁ” жамоатчи мухбири