Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикасиги давлат ташрифини кўҳна Бухоро шаҳрини зиёрат қилишдан бошлади.
Ўзбекистон -мустақилликка эришганидан сўнг Хитой биринчилардан бўлиб у билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. 24 йил давомида давр синовларидан ўтган, халқаро майдондаги хавф-хатарларга бардош берган Хитой — Ўзбекистон муносабатларида барқарор тараққиёт суръатлари изчил давом этмоқда. Томонлар ҳар икки мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига дахлдор масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаб, барча соҳада самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Яқин дўст ва ҳамкорлар бўлган Хитой ва Ўзбекистон халқлари Буюк Ипак йўлининг шонли тарихини биргаликда яратган. Бугунги кунда бу икки мамлакат амалий ҳамкорлик асосида гуманитар алоқаларни ривожлантирмоқда ва бу борада «Буюк Ипак йўлининг иқтисодий «белбоғи»ни яратиш имкониятидан фойдаланган ҳолда, Шарқ ва Ғарб ўртасида иқтисодий ҳамкорликка, цивилизацияларнинг ўзаро бойиши ва бутун инсониятнинг ривожланишига кўмаклашиш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хитой – Ўзбекистон алоқалари икки томонлама муносабатларнинг мутассил чуқурлашиб бораётгани туфайли янада кенгаймоқда.
Юртимиздаги бой тарих ва маданиятга эга шаҳарлар орасида Бухоронинг алоҳида ўрни бор. Қадимий ва ҳамиша навқирон, ер юзининг сайқали каби таърифу тавсифларга сазовор бўлган бу шаҳар азалдан илм-фан, савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган. Бухорои шариф буюк алломалари, бетакрор тарихий обидалари билан халқимизни, мамлакатимизни бутун дунёга танитган.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур даврда замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари Бухоронинг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Йўллар атрофидаги аҳоли турар жойлари ва маъмурий бинолар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бугунги кун талаблари даражасида миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида янгидан бунёд этилди. Бу ҳудудларда очиқ майдонларга майса экиш, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон тантанали равишда кутиб олинди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамкорлигида Арк қалъасини бориб кўрди. Мазкур қалъа аждодларимизнинг буюк даҳоси, мамлакатимиз илм-фанининг чуқур илдизларидан далолат беради. Олий мартабали меҳмонга ушбу обиданинг тарихи, юртимизда қадимий шаҳарсозлик, илм-фан ва ҳунармандлик ривожи ҳақида маълумот берилди. Си Цзиньпин бу муҳташам обида ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳияти, илм-фан ва маданият ривожига эътиборининг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.
Олий мартабали меҳмон Сомонийлар мақбарасини зиёрат қилди. Бу ёдгорлик ўз меъморий ечимига кўра бетакрор обидадир. Нафис меъморлик санъатининг юксак намунаси бўлган бу иншоот ўта аниқ симметрик ўлчамлар, ғоят мураккаб геометрик ҳисоб-китоблар асосида бунёд этилган. ХХР Раиси ушбу иншоот билан танишар экан, ана шундай мўъжизакор мақбарани барпо этган аждодларимиз даҳосига юксак баҳо берди. Хитой раҳбари Пойи Калон мажмуида бўлди. Масжиди Калон, Минораи Калон ва Мир Араб мадрасасидан иборат бу меъморий ансамбль олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Си Цзиньпин Бухоро ипак гиламлари кўргазмалар залида қўли гул ҳунармандларимиз тўқиган ноёб буюмларни кўздан кечирди.
Олий мартабали меҳмон қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрини кўриш бахтига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдирди. Бухоронинг тарихий обидалари ўзбек халқининг бой маданий мероси, мумтоз меъморлик санъатининг юксак намунаси эканини эътироф этиб, истиқлол йилларида амалга оширилган бетимсол бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.
Умида Рустамова,
“Бухоро” халқаро аэропорти ходими